Когон: Жўраевлар уй хўжалигида томорқадан йилда уч марта ҳосил олинмоқда
2026-03-16 08:55:00 / Янгиликлар

Маҳаллада асосий тирикчилик манбаи томорқа, иссиқхона хўжалиги, чорвачилик ва паррандачилик тармоқларидир. Қолаверса, ҳудудда савдо ва хизмат кўрсатиш тармоғи билан бирга қурилиш материаллари, буғдойни қайта ишлаш корхоналари, новвойхона, тикувчилик ва бошқа цехлар иши кенгаймоқда.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Баҳодир Жўраев ҳам томорқа еридан унумли фойдаланиб келаётган тажрибали деҳқонлардан. Ўзига хос услуби, кўп йиллик тажрибасига мувофиқ у илғор агротехник усулларни қўллаб, ихчам ердан мўл ва баракали ҳосил олиш мумкинлигини амалда кўрсатмоқда.
Баҳодир Жўраев ўз хонадонидаги томорқада алмашлаб экишни афзал билади. Бу оддий услуб мўл ҳосил гарови. Ҳозирда у ҳовлиси этагидаги экин ерини 5 сотих қисмида иссиқхона ташкил этгани ҳолда бу ерда эрта баҳор аҳоли хонадонлари учун иқлим шароитига мос, серҳосил помидор навларидан 1500 туп кўчат парвариш қилмоқда. Иссиқхона шароитида етиштирилаётган помидор кўчатлари доимий агротехник парваришни—суғориш, озиқлантириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишни тақозо этади.
Жўраев оила аъзолари таъкидлашича, парвариши, агротехник ишлари талаб даражасида бажарилса, ҳар бир туп помидор кўчатидан 4-6 килограмгача ҳосил олиш мумкин. Қолаверса, деҳқончилик мавсумида булғор қалампири, бодринг, бақлажон ва бошқа сабзавот маҳсулотлари кўчатлари, шунингдек, исмалоқ, саримсоқпиёз, кўкпиёз, кашнич, шивит, редиска кабиларни етиштириб, рўзғор эҳтиёжи учун муайян даромадга эга бўлиш баробарида қишлоқдошлар дастурхонига ҳам тортиқ қилинмоқда.
—Оиламиз билан экин ерида ишлаб, бир йилда ўртача 60 миллион сўм моддий манфаатдорликка эришсак, сабзавот маҳсулотлари пишиқчилиги, ҳосил йиғиб-териб олинадиган ойларда бозордан харид қилишимизга ҳожат қолмайди,—дейди хонадон соҳиби Баҳодир Жўраев.—Иссиқхона бизга қишки мавсумда ҳам эрмак, даромад манбаига айланган. Ер чопиш, уруғ сепиб, ниҳол парваришлаш, атрофдаги аҳоли хонадонларига кўчат етказиш ҳаётимизнинг бир қисмига айланган. Қолаверса, қишлоқда кўплар қаторида мол-ҳолимиз, сигир-бузоғимиз, парваришлаётган товуқларимизга ҳам эгамиз. Шундан хонадонимиз турмуш шароитини ҳам яхшилашга эришмоқдамиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









