“Эҳтиром ва эътироф 70+”: бухоролик бир гуруҳ устоз журналистлар шарафланди
2026-03-14 14:55:00 / Янгиликлар

“Эҳтиром ва эътироф”— бу 70 ёшдан ошган 12 нафар устоз журналист бир даврада жам бўлишгани, устозлар тажрибаси, бугунги авлоднинг фахрий журналистлар билан дийдорлашуви, Бухоро матбуоти тарихининг тирик ҳикояси ва авлодлар ўртасидаги маънавий кўприк, таъбир жоиз бўлса, “Вақт занжири”дир.
Устозлар юбилей тадбирини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Йўлдош Генжаев табрик сўзи билан очиб, Бухоро матбуоти ва радиотелевидение соҳасида ибратли фаолият даврини ўтаган устоз журналистлар Шавкат Асадов, Иззатулло Ҳожиев, Ҳадича Рамазонова, Зуҳра Қурбонова, Сулаймон Шодиев, Комил Жўраев, Мухтор Абдуллаев, Олия Остонова, Светлана Ахмедова, Олима Мирзаева, Сора Тошева, Асхор Истамовларни саҳнага чорлади.
Вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг фахрий журналистларга йўллаган табригини вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Акбар Рустамов тадбир қатнашчиларига ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари бош муҳаррири Шодмон Сулаймонов, “Бухоро вилоят телерадиоканали” ДМ директори Обид Шабанов, республика Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Гулшода Иброҳимова, шунингдек, Бухоро давлат университети ректори, профессор Обиджон Ҳамидовлар устоз журналистларни муборак ёшлари, эришган муваффақиятлари билан самимий муборакбод этишиб, уларнинг босиб ўтган қизғин ва намунали ҳаёт йўлларига эътибор қаратдилар.
Ўз навбатида, Янги Ўзбекистонда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар мазмун-моҳиятини халқимизга тезкор, холис етказиш, аждодларимизнинг боқий анъаналари ва миллий қадриятларини асраб-авайлашни тарғиб этишда бугун соҳа ходимлари айнан устоз журналистлардан ўрганиши зарурлигини таъкидладилар. Юртимиздаги оммавий ахборот воситалари, босма нашрлар сафида вилоят телерадиокомпанияси ҳамда отахон нашр, чоп этила бошланганига бир асрдан ошган “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари ҳам мустақиллик ғоялари, миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, одамларда, айниқса, ёш авлодда юрт келажагига дахлдорлик ва масъуллик туйғусини барқарор этишга, жонажон Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнашини юртдошларимиз онгидаги ўзгаришлар билан уйғун ҳолда ифодалашда салмоқли ютуқларга эришдилар. Бугунги шиддаткор давр, глобаллашув даври журналистлар зиммасига ҳам ниҳоятда залворли талабларни қўймоқдаки, бунда устоз журналистлар иш услуби, касбига садоқати, ишга ёндашуви ёшлар учун ибрат маёғидир.
Юбилей тадбирида эҳтиром ва эътирофга сазовор бўлган нуроний фахрийлар ҳамкасб издошлари, ёшларга қизғин ва саргузаштларга бой фаолиятлари ҳақида бой хотиралари билан ўртоқлашиб, ташкилотчиларга миннатдорликларини изҳор қилдилар.
Тадбирда Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят ҳудудий бўлинмаси хушовоз хонандалари томонидан ижро этилган тароналар барчага манзур бўлди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





