Ғиждувон: Гаждумак, Жовгари, Чағдари ва бошқа маҳаллаларда қурилиш, бунёдкорлик ишлари авжида
2026-03-14 11:00:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Yagona buyurtmachi xizmati injeniring kompaniyasi” Давлат унитар корхонаси буюртмаси ҳамда “Qishloqqurilishloyiha” давлат муассасаси лойиҳаси асосида туманнинг Гаждумак, Жовгари, Чағдари ва бошқа аҳоли масканларида мактабгача ва мактаб таълими муассасаларини мукаммал таъмирлаш, қўшимча ўқув бинолари ва ёрдамчи иншоотлар, спорт мажмуаларини қуриш, ҳудудни ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Жумладан, Гаждумак маҳалласида фаолият юритиб келган 7-сонли умумтаълим мактаби 640 ўринга мўлжалланган бўлиб, аслида бу ерда айни пайтда мингдан ошиқ ўқувчи мослаштирилган шароитда таҳсил олиб келарди. Шу боис, бунда 3 қаватдан иборат, 540 ўринли янги ўқув биносини барпо этишга киришилган. Шу билан бирга, яқин ойларда мактабда ёш авлод учун ошхона ва талаб даражасидаги стадионни қуриб фойдаланишга топшириш лозим. Бунинг учун эса маҳаллий бюджет ҳисобидан 10 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган бўлиб, ҳозирда ҳудудда қизғин қурилиш ишлари бормоқда.
Худди шундай, Жовгари маҳалласидаги 26-сонли умумтаълим мактабини мукаммал реконструкция қилиш, бунда 880 ўринли ўқув иншоотини капитал реконструкция қилиш баробарида қўшимча 4 қаватли, 750 ўқувчи ўрнига эга ўқув корпусини барпо этишга қарор қилинган.
Шунингдек, мактабда ёш спортсеварларнинг кўп йиллик орзуси бўлган, 12 метрга 24 метр ўлчамдаги спорт залини қуриш ишлари жадал бормоқда. Бу лойиҳалар учун эса 14 миллиард сўм сармоя сарфланаётгани баробарида ҳар икки мактабдаги қурилиш, реконструкция ишларини пудратчи сифатида “Мухамедов—Раджабов” МЧЖ бинокорлари олиб бормоқдалар.
Айни кунда Чағдари маҳалласидаги 23-сонли умумтаълим мактабида ҳам навқирон авлод таълим-тарбияси учун янада қулай ва замонавий муҳитни яратишга эътибор кучайтирилган. Хусусан, бу манзилда 420 ўринли ўқув биноси тўлиқ таъмирланаётгани баробарида янги спорт зали барпо этилаётгани, мактаб ҳудуди ободонлаштирилаётгани чағдариликларни жуда хурсанд қилмоқда. Ёш авлод жисмоний ва руҳий камолоти, маънавий ўсиши, талаб даражасида билим олиши учун бугун 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ тикилмоқда.
Мактаб — тараққиёт ва маънавият маскани. Шундай экан, бугун умумтаълим мактабларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва мукаммал таъмирлаш ишлари келажакка қўйилаётган мустаҳкам пойдевор, таълимга киритилаётган сармоядир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









