Когон: Фозиловлар хонадони учун ҳам томорқа ва паррандачилик—фаровонлик омили
2026-03-13 20:30:00 / Янгиликлар

Фозиловлар хонадонида эса айни кунда ҳовли этагидаги 6 сотихдан иборат томорқа ерида картошка ва саримсоқпиёз экилиб, парваришга киришилган. Хонадон эгалари томонидан ерга ишлов бериш, суғориш, бегона ўтлардан тозалаш каби агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилаётгани ўз навбатида, мўл ва сифатли ҳосил олиш учун муҳим омилдир.
Хонадон эгаси Чори Фозиловнинг таъкидлашича, уч ойлик меҳнату машаққатдан сўнг рўзғор учун 1,5 тонна атрофида картошка, 1 тоннага етказиб саримсоқпиёз етиштириш мақсад қилинган. Қут-барака эса ерга бўлган муносабат, томорқада пешона тери тўкишдан яралади. Экин ерининг 1 сотихдан ошиқ қисмида эса сархил навга мансуб токзор барпо қилинмоқда. Ток ниҳоллари учинчи йилида парваришланмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, Чори Фозилов оила аъзолари билан биргаликда томорқачиликда булғор қалампири, сабзи, лавлаги, помидор, ловия каби такрор экинлардан ҳам мўмай ҳосил олишга ўрганган. Шу билан бирга, хонадонда қорамол сақлаш, сигир-бузоқ парвариши билан бирга, “етти хазина”нинг бири ҳисобланган товуқ боқиш ҳам мунтазам йўлга қўйилган.
Бу нафақат оила дастурхони тўкин бўлишига, балки хонадон турмуш тарзи фаровонлигига ҳам хизмат қилмоқда. Умуман, ҳудуддаги Жомард, Шехон, Туткунда, Каптархона қишлоқларини ўзида жамлаган “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғинида айни кунда 1 086 та хонадон, шунингдек, 1 467 та оила бўлиб, уларда жами 5 мингдан зиёд аҳоли вакили умргузаронлик қилаётган бўлса, улар аксарияти томорқадан самарали фойдаланиш, уй хўжалигини юритишда етарли тажрибага эга, албатта.
Маҳаллада асосий тирикчилик манбаи сифатида томорқа, иссиқхона хўжалиги, чорвачилик ва паррандачилик тармоқлари ривожлантирилмоқда. Қолаверса, маҳаллада савдо ва хизмат кўрсатиш тармоғи билан бирга қурилиш материаллари, пардозбоп ғишт, брусчатка ишлаб чиқариш, буғдойни қайта ишлаш корхоналари ҳам фаолият юритмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








