Қоровулбозор: болалар майдончалари қурилиб, электр трансформаторлари таъмирланмоқда
2026-03-13 20:25:00 / Янгиликлар

Жумладан, Қоровулбозор тумани марказидан 15 километр узоқликдаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида айни кунда 1,5 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, уларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилишда “Open budjet” лойиҳаси доирасида қатор хайрли ишлар амалга оширилиб, зарур инфратузилма иншоотлари таъмирига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳалла аҳолисининг ҳамжиҳатлиги натижасида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2025 йилги мавсумида яна бир хайрли ташаббус лойиҳаси нисбатан кўп овоз тўплаб, ғолибликни қўлга киритганди. Бу иншоот, яъни ҳудуддаги 6-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 3 та замонавий типдаги, усти ёпиқ болалар майдончаси қуриб, фойдаланишга топширилди.
Қурилиш ишлари “Капитал сифат қурилиш файз” МЧЖ томонидан амалга оширилди. Муҳими, эндиликда бу муассасада тарбияланаётган 80 нафарга яқин болажон ёзнинг жазирамасида ёки ёмғирли кунларда ҳам табиат қўйнида бемалол машғулотларни ўташади. Будан кўзланган мақсад ёшларни соғлом ва баркамол фарзанд бўлиб етишишидир.
Бундан ташқари, туман аҳолиси учун зарур инфратузилмалардан бири—электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида мавжуд трансформаторлар капитал ва жорий таъмирланмоқда. Аҳолининг узлуқсиз электр энергиясига бўлган талабини қондириш учун туман электр тармоқлари корхонаси мутахассислари томонидан жорий йил ўтган даври мобайнида 5 дона трансформатор пункти ва умумий узунлиги 10 минг метрдан зиёд кабел линияси ҳаво тармоғи мукаммал таъмирдан чиқарилган.
Худди шундай, ҳудудда 7 дона трансформатор пункти ва 14 мино метрдан ошиқ электр линияси тармоғи жорий таъмирланган. Бу саъй-ҳаракат ҳудудда электр тармоқлари барқарорлигини янада ошириш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларга сифатли электр энергиясини етказиб беришга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







