Қоракўл: Хўжакон маҳалласида яшовчи Қурбонов қўрасидаги қўйлари сони 400 бошга етказилди
2026-03-13 20:15:00 / Янгиликлар

Хўжакон маҳалласида яшовчи Илёс Қурбонов кўп йиллардан буён қўйчилик билан шуғулланиб келаётган миришкор чорвадорлардан бири. У майда шохли чорва моллари парваришига алоҳида эътибор қаратиб, хўжалигида туёқ сонини кўпайтириб, шунинг ортидан нафақат ўзи ва оиласи, балки қишлоқдошларини ҳам моддий манфаатдор қилиб, меҳнатсеварлиги билан маҳалла аҳли орасида ҳурмат қозонган.
Бугунга келиб Илёс Қурбоновнинг қўрасида парвариш қилинаётган жайдари зотли қўй ва қўчқорлари сони 400 бошга етказилган бўлиб, умумий моддий қиймати, яъни бозор нархи қарийб 1,2 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Бунда чорва моллари учун зарур шарт-шароит ҳозирланган бўлиб, озуқа захираси, ветеринария назорати ҳамда тоза ва озода оғилхона уларнинг соғлом ўсиб-улғайишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, наслли қўчқорларни кўпайтириш ва маҳсулдорликни ошириш борасида олиб борилаётган ишлар эътиборга молик.
Хўжалик раҳбари Илёс Қурбонов келгусида фаолиятини янада кенгайтириш, қишлов учун озуқабоп маҳсулотлар заҳирасини тайёрлашда экин ерига эҳтиёжи борлиги, давлат дастурлари доирасида банк имтиёзли кредит маблағи ва субсидия олишда амалий ёрдамга муҳтожлигини билдирган. Айтиш жоизки, у сингари меҳнаткаш чорвадорларнинг саъй-ҳаракати туфайли ҳудудда чорва тармоғи изчил ривожланиб, гўшт ва жун маҳсулотлари етиштириш ҳажми тобора оширилмоқда.
Маълумотларга биноан, айни кунда туманда қорамол сони 179,4 минг бошга етказилган бўлиб, шундан соғин сигирлар 81,2 минг бошга, қўй ва эчкилар 302,4 минг бошга кўпайтиришга эришилган. Ҳудудда гўшт ишлаб чикариш ҳажми 29,6 минг тоннага, сут ишлаб чиқариш ҳажми 125,6 минг тоннага ўсгани катта ютуқ, албатта. Биргина ўтган йилда маҳаллий чорвадор, тадбиркор-фермерлар томонидан чет эллардан жами 290 бош наслли қорамол олиб келиниб, парваришланаётгани ҳам гўшт ва сут етиштиришда салмоқли натижаларга сабаб бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





