Бухоро шаҳри: “Хўжа Ғунжорий” маҳалласида хотин-қизлар бизнес ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
2026-03-13 20:10:00 / Янгиликлар

Маҳаллада фаолият юритаётган тадбиркорлардан бири Жасмина Юсупова бўлиб, у тижорат банки томонидан ажратилган 120 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ҳисобига тўй ва маросимлар учун хизмат кўрсатувчи “Jasmin” сарпо дўконини ташкил этди. Мазкур савдо шахобчасида миллий ва замонавий сарполар тикиб тайёрланиб, талабгорларга таклиф этилмоқда. Муҳими, бу тадбиркорлик лойиҳаси доирасида 11 нафар чевар хотин-қизнинг бандлиги таъминланиб, ишчиларга кунлик меҳнат самарадорлиги ва бажарилган иш ҳажмига қараб иш ҳақи тўланмоқда.
Шунингдек, маҳаллада яшовчи яна бир ташаббускор аёл Дилафруз Зокирова томонидан уй шароитида тикувчилик цехи ташкил этилган. Цехда 8 нафар хотин-қиз иш билан таъминланиб, буюртмалар асосида миллий ва замонавий либослар бежирим тикиб тайёрланмоқда. Тадбиркорнинг меҳнатсеварлиги, маҳсулотлар сифати натижасида мижозлар ишончи мустаҳкамланмоқда.
Яна бир ибратли тажриба ҳудудда Азима Ҳалимованинг фаолияти билан боғлиқ. У новвойчилик йўналишида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, яшаш манзилида новвойхона ташкил этган. Ҳозирда мазкур новвойхонада 5 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлиб, ҳар бир ишчига ойига 2 миллион сўм иш ҳақи тайинланган.
Умуман, маҳалладаги ташаббускор аёллар ўз меҳнати ва ҳунари орқали нафақат аҳоли эҳтиёжларини қондириб, балки барқарор даромад манбаига эга бўлишмоқда. Шубҳасиз, “Хўжа Ғунжорий” маҳалласида амалга оширилаётган бундай тадбиркорлик ташаббуслари хотин-қизлар бандлигини ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш, маҳалла ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






