Когон: Туткундада Сафаров хонадонида бўрдоқичиликдан 150 миллион сўмга етказиб даромад қилинмоқда
2026-03-12 15:40:00 / Янгиликлар
Ҳудудда Жомард, Шехон, Туткунда, Каптархона қишлоқларини ўзида жамлаган “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғинида бугунга келиб 1 086 та хонадон, шунингдек, 1 467 та оила бўлиб, уларда жами 5 мингдан зиёд аҳоли вакили умргузаронлик қилиб келмоқда.

Маҳаллада асосий тирикчилик манбаи, яъни “ўсиш нуқталари драйвери” сифатида томорқа, иссиқхона хўжалиги, чорвачилик ва паррандачилик тармоқлари ривожлантирилмоқда. Ҳудудда қурилиш материаллари, пардозбоп ғишт, брусчатка ишлаб чиқариш, буғдойни қайта ишлаш корхоналари билан бирга аҳолига савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари фаолият юритмоқда.
Туткунда қишлоғида яшовчи Зиёдулло Сафаров ҳам айни кунда нафақада бўлишига қарамай, хонадонида чорвачилик билан мунтазам шуғулланиб, оиласи моддий манфаатдорлигини таъминламоқда. У кўп йиллик тажрибага эга бўлиб, чорвачилик сир-асрорини пухта эгаллаган. Хонадонида маҳаллий ва хорижий наслдор моллардан ўндан ортиғи, яна 15 бош қўй парваришлаб келинмоқда. Чорва моллари учун зарур озуқа, ем-хашак етарлича жамғарилган бўлиб, уй хўжалиги раҳбари айни кунда экин ерини кенгайтириш, бўрдоқига боқилаётган моллари сонини кўпайтириш ҳаракатида.
Хусусан, хонадонда парваришланаётган чорва моллари талаб даражасида озиқлантирилиб, уларга зарур зооветеринар хизмати кўрсатилмоқда. Гидропоника технологияси асосида буғдой ва бошқа бошоқли дон маҳсулотлари экилиб, ивитиш йўли билан ширали озуқа тайёрланмоқда. Бу замонавий усул озуқанинг тўйимлилигини ошириб, қорамол ва қўйларнинг соғлом ўсиши ҳамда вазн олишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, ем-хашак хариди учун сарф-харажати ҳам сезиларли даражада камаймоқда.
Зиёдулло Сафаров уй хўжалигида етиштирилаётган гўшт маҳсулотлари маҳаллий бозорда харидоргир бўлиб, бир йилда 1,5 тоннага яқин гўшт тайёрланиб, маҳалладошлар дастурхонига етказилмоқда. Бундан эришилаётган моддий манфаатдорлик эса бир йилда 150 миллион сўмдан кам эмас. Муҳими, ҳалол меҳнат ортидан бир оила қут-баракага эришиб, рўзғорига қут-барака киритмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





