Ромитан: “Истиқлол” маҳалласида яшовчи уй бекаси Гулчеҳра Шаропова ҳам қўзиқорин етиштирмоқда
2026-03-12 15:30:00 / Янгиликлар

Дейлик, бу аёл 100 квадрат метр майдонда қўзиқориннинг шу навини экиб, муваффақиятли етиштирмоқда. Шу йилги ҳосилнинг биринчи теримида 500 килограмм маҳсулот олинган. Ҳозирда “shampinyon”нинг ўртача нархи бозорда ўртача 80-90 минг сўмни ташкил этмоқда.
Қоронғи ва салқин хонада етиштирилаётган, полиэтилен қопчаларни ёриб чиқиб бўй кўрсатаётган қўзиқориндан бир йилги мавсумда ўртача 4-5 марта ҳосил етиштириш, бундан меҳнатга яраша фойда кўриш мумкин. Ярим сотихда бошланган ”shampinyon” навига мансуб қўзиқорин етиштиришдан хомаки мўлжалга биноан 30 миллион сўмга етказиб даромад олиш имконияти аллақачон тажрибада синалган. Ҳозирда ўзгача услубда, қайта ишланган чигит шелухасида етиштирилаётган харидорбоп қўзиқорин бир ой муддатда сотишга тайёр бўлади.
— Икки йил бурун қўзиқорин етиштиришни ижтимоий тармоқлар орқали кўриб, қизиқиб, ўз хонадонимизда етиштиришни бошлаганмиз,—дейди Гулчеҳра Шаропова.—Биринчи ўринда, қўзиқорин етиштиришда ҳароратга эътибор бериш, хонадаги ҳароратни 23 даражада сақлаш лозим. Бу маҳсулот ичкарида қоронғу ва зах жойда парвариш қилинса, ҳосили яхши бўлади. Чигит пўстлоғи—шелухани селлофан қопчаларга жойлаб, унга қўзиқорин уруғини экканимиздан сўнг 30 кун нари-берисида истеъмолга яроқли хушхўр қўзиқорин тайёр бўлади. Вазни енгил бўлгани билан баракали маҳсулот, ҳам харидоргир.
Бугун меҳнат ва ташаббус самарасини кўриб, даромадга эришаётган аёлнинг ўтган йилларда маҳалла эҳтиёжманд оилалари қаторида "Аёллар дафтари"га киритилганига ишониш қийин. Хонадондан бошланган ҳаракат, сабр ва ҳунар билан қўшилиб барқарор даромад манбаига айланди. Бу ҳам албатта, бор имкониятдан унумли фойдаланиш, меҳнат ва масъулиятни зиммага олишнинг самараси.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




