Бухоро туманида замонавий агросаноат мажмуаси ва энотуризм маркази барпо этилмоқда
2026-03-12 09:45:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда “Buxoro аgro star” МЧЖ ҳамда “Gala River” МЧЖ негизида “O’lmas Gold” МЧЖ томонидан замонавий агросаноат мажмуаси ва энотуризм марказини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 20,5 миллиард сўмни ташкил этиб, унда йилига 250 минг дона пластик яшик, 5 минг тонна узум шарбати ишлаб чиқариш, 600 тонна сиғимга эга совуткичли омбор ҳамда йилига 43 минг нафаргача маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатадиган энотуризм маркази қурилиши режалаштирилган. Мажмуани 2026 йил сентабр ойида ишга тушириш кўзда тутилган.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Хитойнинг “HAITAN” ва Венгриянинг “Maurer Gep Kft.”компаниялари билан ўзаро зарур дастгоҳ ва ускуналар етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган. Энотуризм марказига олиб борувчи йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида эса маҳаллий бюджетдан 5 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Бундан ташқари, “Томорқа мактаби” орқали 120 нафар томорқа ер эгаси ўқитилгани ҳолда улар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етказиб беришга доир шартномалар имзоланмоқда. Шунингдек, амалдаги қонунчилик талабларига биноан танлаб олинган маҳаллалардаги жами 9 мингдан ошиқ хонадон ва томорқа ер эгалари билан агрономик хизматлар кўрсатиш, тупроқ ва сув таҳлили, кўчат етказиб беришга доир яқин ҳамкорлик қилиш чора-тадбири белгиланди.
Шу билан бирга, “Работак” маҳалла фуқаролар йиғинида 7 гектар майдонда қиймати 3,6 миллиард сўмга тенг намунавий инновацион узум етиштириш боғи—токзор барпо этиш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа асосида узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли хонадонларини қамраб олувчи кооперация тизимини йўлга қўйишга қарор қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



