Вилоятда оммавий спортни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2026-03-11 21:25:00 / Янгиликлар

Маълум қилинишича, юртимизда аҳолининг оммавий спорт билан қамрови 15 миллион нафарга етган, сўнгги йилларда спорт билан доимий шуғулланувчилар сони қарийб 1,5 баробарга ошган. Шу билан бирга, бу кўрсаткичлар билан чекланиб қолмасдан, яқин истиқболда оммавий спорт билан шуғулланувчилар сонини 17 миллион нафарга етказиш зарурлиги уқтирилган.
Ўтган йилда ўзбекистонлик спортчилар халқаро майдонда қатор ютуқларга эришгани, хусусан, ёшлар жаҳон универсиадасида 13-ўринни эгаллагани, Баҳрайндаги Ёшлар ўйинлари ва Саудия Арабистонида ўтказилган Ислом бирдамлиги мусобақасида 2-ўрин, БААда бўлиб ўтган Ёшлар Параосиё ўйинларида эса умумжамоа ҳисобида 1-ўрин қайд этилгани муносиб ютуқ, албатта. Футбол бўйича миллий терма жамоа илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани, шахматда Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Абдусатторовларнинг эришаётган муваффақиятлари барчамизни бениҳоя хурсанд қилмоқда.
Бугун вилоят ҳокимлигида республика Спорт вазири Адҳам Икрамов иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда оммавий спортни ривожлантириш, спорт мактаблари, федерациялар фаолияти билан бирга маҳалла ва таълим масканларида ёшларни жисмонан чиниқтириш, спортга жалб қилишнинг долзарб аҳамияти, жорий йилда бу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳудуддаги олий таълим муассасалари, спорт мактаблари раҳбарлари, ижтимоий соҳа масъуллари, шаҳар ва туманлар студияларидан тегишли мутасаддилар, ташкилот ва идоралар раҳбарлари, мураббийлар ҳозир бўлган йиғилишни вилоят ҳокими Ботир Зарипов олиб борди.
Қайд қилинганидек, айни кунда вилоятда 3297 та спорт иншооти бўлиб, кейинги йилларда бу мажмуалар 1437 тага кўпайган ва улар ўзидаги спорт секцияларида ўнлаб, юзлаб спортсеварларни бирлаштирган. Айни кунда ўттизга яқин спорт тури билан вилоятимизда 53 мингдан ошиқ ёш йигит-қиз шуғулланаётган бўлса, шулардан 800 дан ошиғини параспортчилар ташкил этади. Сўнгги уч йилда вилоятда 21 та спорт иншооти қад ростлаган бўлса, шундан ўтган йили барпо қилинган 8 та мажмуага умумий қиймати 20 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган.
Танқидий руҳда ўтган муҳокамада республика Спорт вазири А. Икрамов томонидан соҳани янада ривожлантириш, спорт мактаблари ва маҳаллалар ўртасидаги ҳамкорликни узвий йўлга қўйиш юзасидан масъул мутасаддилар зиммасига қатор вазифалар юкланди. Айрим спорт турлари бўйича натижалар мавжуд инфратузилма ва салоҳиятга тўлиқ мос келмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу сабабли яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш, спорт захирасини кенгайтириш ва тизимли селекцияни кучайтириш вазифалари белгиланди. Халқаро спорт ўйинлари ва Олимпиадалар учун муносиб захира яратиш мақсадида йўлга қўйилган Президент олимпиадасини ривожлантириш муҳим экани таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда “5 ташаббус олимпиадаси” доирасида вилоятда 2026 йилда ташкил қилинадиган оммавий спорт мусобақалари тақдимоти муҳокама қилиниб, ҳудуддаги спорт мактаблари фаолияти, улар рейтинг натижалари, амалга оширилиши зарур бўлган ташкилий чора-тадбирларга эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









