Вобкент: Ҳажувон, Сўфидеҳқон, Кўлхатиб ва бошқа маҳаллалардаги мактаб ва боғчаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари авжида
2026-03-10 11:25:00 / Янгиликлар

Вобкент туманида ҳам бу борада салмоқли ишлар давом эттирилмоқда. Жумладан, Ҳажувон маҳалласида таъмирталаб ва мослаштирилган шароитда фаолият юритаётгани боис 6-сонли умумтаълим мактабида қўшимча 150 ўринли, 37-сонли умумтаълим мактабида 180 ўринли қўшимча ўқув бинолари барпо этилди. Маҳалладаги 2 та таълим даргоҳининг қурилиш ва таъмирлаш ишларига умумий қиймати 7 миллиард 263 миллион сўм маблағ ажратилган. Бугунга келиб мазкур иншоотлар том қисми ёпилиб, монтаж ва пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Сўфидеҳқон қишлоғидаги 18-сонли умумтаълим мактаби биноси ҳам тўлиқ мукаммал таъмирланиб, замонавий қиёфага келтирилмоқда. Бугунги кунда 624 ўринли мазкур мактаб биноси синф хоналари ва залларига тўлиқ ёғочдан пол қопламаси ётқизилган. Иншоот иситиш тизимлари янгиланмоқда, бино фасад қисми иссиқликни сақлаш мақсадида изоляция қопламалари билан ўралмоқда. Том қисмида ёпиш ишлари тугалланиш арафасида. Бу таълим маскани биноси мукаммал таъмири учун маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 4 миллиард 120 миллион сўм ажратилган.
Келгуси ойларда айнан Сўфидеҳқон маҳалласидаги 30-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси ҳам 90 ўринли янги бино ҳисобидан қад кўтаради. Ҳудуд аҳолисининг фарзандлари 4 миллиард 10 миллион сўм сармоя эвазига қурилган замонавий давлат мактабгача таълим ташкилотида таълим-тарбия олиш имконига эга бўлишади.
Худди шундай, ҳудудда Кўлхатиб маҳалласидаги 39-сонли умумтаълим мактабида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари қизғин тус олган. Сиғими 320 ўқувчи ўрнига эга мактаб биносини мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Мактабни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида қуёш панелларини ўрнатиш ишлари бошланган. Бундан ташқари, мактаб учун замонавий қиёфада спорт зали ва ошхона қад ростлаган. Бу каби қурилиш лойиҳалари учун ҳам 4 миллиарддан ошиқ сармоя ажратилгани эртамиз эгалари таълим-тарбиясини янги босқичга кўтариш, соҳа моддий-техник аҳволини яхшилаш, ёш истеъдодларни юзага чиқариш учундир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








