Жондор: “Тобагар”да Сайлиев чорва хўжалиги кенгаймоқда
2026-03-10 11:20:00 / Янгиликлар

Таҳлиллардан кўринишича, бугунга келиб вилоятдаги мавжуд 416 та қорамолчилик фермаси, 162 та майда шохли моллар қўра-қашарлари, 14 та паррандачилик фабрикаси ва 84 та паррандачиликка ихтисослашган фермер хўжалигидаги товуқхона бинолари мавсумга тайёрлангани ҳолда зарур озуқа базаси заҳира қилинган. Чорвачиликда озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича вилоятдаги чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига озуқабоп экинлар экиш учун 49 минг 441 гектар экин ер майдони ажратилган.
Айни кунда вилоят туманларидаги мавжуд экин ери майдонида, 11 минг 108 гектарда ўт беда, 36 минг 752 гектар ерда маккажўхори, 1 минг 581 гектарда хашаки лавлаги, 18 минг 200 гектар ерда маккажўхори экиб етиштирилмоқда. Самараси паст, кам ҳосилли пахта ва ғалла майдонларида ҳар йили алмашлаб экиш тизими орқали 15,8 минг гектар ерда беда экинларини экиш, Қоровулбозор, Ромитан, Пешкў, Жондор, Олот ва Қоракўл туманларида ер майдонларини ўзлаштириб, қўшимча 1,2 минг гектар ерда озуқабоп чорва маҳсулотлари экиб етиштирилмоқда.
Шу билан бирга, айни пайтда аҳоли хонадонларида чорвачиликни ривожлантириш, наслдор қорамол зотларини кўпайтириш, уларни саноат усулида парваришлашга қизиқиш ҳамиша кучли бўлган. Жумладан, Жондор тумани Тобагар маҳалласида истиқомат қилувчи чорвадор Ёрқин Сайлиев бугунга келиб нафақат ўз хонадони фаровонлигини оширмоқда, балки қишлоқдошлари учун ҳам наф келтириб, маҳсулдорликни оширмоқда.
Ёрқин Сайлиев илғор тажриба ва замонавий ёндашувларга таянган ҳолда, маҳаллий “Қизилчўл”, қора-ола ва “Эстон” зотларига мансуб чорва молларини парвариш қилиб, моддий манфаатдорликка эришмоқда.
—Парвариши яхши бўлса, қора-ола ёки бошқа зотдор қорамоллардан юқори маҳсулдорликка эришиш мумкин. Бу турдаги қорамоллар айниқса, сут етиштириш ва иқлим шароитига мослашувчанликда ажралиб туради,—дейди тажрибали чорвадор Ёрқин Сайлиев.—Гавдаси йирик, соғлом ва парваришга чидамли бўлган бу зотдан бир кунда ўртача 10-12 литр сут олиш мумкин. Бўрдоқичиликда, гўшт етиштиришда эса “Эстон” зотли чорва моллари юқори иқтисодий самарадорликка эга. Шу боис, ҳозирда хўжалигимизда туёқ сонини кўпайтириш, экин ерини кенгайтириб, чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ҳаракатидамиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





