Жондор: “Чиқиробод”да яна 2 гектар ерда токзор барпо қилинмоқда
2026-03-10 10:20:00 / Янгиликлар

Масалан, Жондор туманида жорий йил қишки мавсумда 2 минг гектардан ошиқ боғ ва токзор агротехник парваришланиб, қатор орасида “тўқсонбости” усулидаги экинлар экиб етиштирилган бўлса, 300 гектардан зиёд экин ерида дугали сим тортиб, плёнка остида сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар экиб етиштириш тажрибаси кенг қўлланмоқда. Суғоришда қийинчилик туғдираётган, сув етиб бориши қийин бўлган участкаларга давлат субсидияси асосида артезиан қудуқлари ўрнатилиб, экин ерлари “оби ҳаёт”га қондирилаётгани ўз самарасини бермоқда.
Худди шундай дала-деҳқончилик ишлари айни кунда “Ўқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам қизғин тус олган. Ҳудуддаги Чиқиробод қишлоғида яшовчи Н. Муродова, З. Зарипова, Х. Бўриев сингари томорқа ер эгалари деҳқон хўжаликларини ташкил этишиб, 2 гектардан иборат ерни чуқур ҳайдаб, тайёрлаб, токзор барпо қилишга киришдилар.
Ер эгаларининг ташаббуси қўллаб-қувватланиб, оилавий тадбиркорлик асосида уларнинг ҳар бирига “Халқ банки” туман филиалидан 10 миллион сўмдан имтиёзли кредит маблағи ажратилиб, ўз номларига очилган пластик карточкаларига ташлаб берилди.
Бу сармоя деҳқон хўжаликларига Самарқанд вилоятидан узумнинг “Сўғдиёна” деб аталувчи, жайдари айтганда, “қора узум” номи билан танилган навдан 2 минг туп узум кўчатини олиб келишда қўл келган. Шу тариқа айни кунда Чиқирободдаги бу ерда қизғин иш, токзор яратишга жиддий киришилди. Эртанги кунга бўлган умид ва ишонч, оилалар фаровонлиги сари ташланган дадил қадамлар, ерга берилган эътибор, албатта, қут-барака бўлиб қайтади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





