Когон: Бозорова уй хўжалигида бедана сони минг бошга етказилди
2026-03-09 14:55:00 / Янгиликлар

Айни кунда ҳудудда беданачилик ҳам ривожланмоқда. Мазкур соҳа даромадлилиги, аввало, бедана парвариши маҳсулдорлиги билан айниқса, хонадон эгалари қизиқишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, битта урғочи бедана бир йил давомида ўртача 250–255 тагача тухум бериш қувватига эга бўлиб, бу кўрсаткич унинг бошқа парранда турларидан сезиларли даражадаги устуворлиги саналади.
Айни пайтда Ўба чўли маҳалласида истиқомат қилувчи Гулноз Бозорова хонадонида ҳам бедана парваришланиб, ҳозирда улар сони 1 минг бошга етказилган. У паррандачиликни “етти хазинанинг бири” дея таърифлаб, беданачилик оиласи учун барқарор даромад манбаи эканлигидан мамнун.
—Бедана боқиб, кўпайтириш даромадли тармоқ эканлигини ўз тажрибамизда кўрмоқдамиз,—дейди хонадон бекаси Гулноз Бозорова.—Тўғри, бедананинг вазни енгил, тухуми ҳам майдароқ, аммо бедана гўшти ва тухуми шифобахшлиги сабабли унга доим талаб бор. Ҳозир уй хўжалигимизда бедана сонини 1 минг бошга етказган бўлсак, бундан кунига ўртача 700 донадан ошириб тухум олишга эришяпмиз. Бир дона тухум нархи бозорда ўртача 700 сўмдан сотилаётганини хомчўт қилганда, шундан ойига 5 миллион сўм атрофида фойда оляпмиз. Қолаверса, қишлоқдошлардан талаб, буюртма бўлаётгани сабабли кейинги пайтда беданани кўпайтириб сотишни ҳам йўлга қўйдик. Шунинг ортидан рўзғоримиз кам-кўстини бартараф этиб, моддий эҳтиёжимизни қоплаяпмиз. Ўқиш ва ишдан бўш пайтида фарзандларимиз ҳам парранда парваришида бизга яқиндан кўмакчи.
Мутахассислар фикрича, рисоладагидай қарови бўлса, бедана бир йилда 250-300 дона тухум қўяркан. Тухуми товуқникига нисбатан бир неча баробар фойдали хусусиятларга эга. Хусусан, унда калий, темир, В1 ва В2 витаминлари икки-уч баробарга кўпроқ. Худди шундай, бедана тухуми таркибида А витамини, фосфор, мис, лизосим, кумуш ва бошқа аминокислоталар ҳам анчагина. Оқсил моддаси ҳам бошқа паррандалар тухумига нисбатан юқори. Қолаверса, тансиқ таом сифатида бедана гўшти ёки тухуми иммунитетни мустаҳкамлаши, организмни қувватлантириши ва турли касалликларнинг олдини олишда фойдали экани билан харидоргир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




