Вобкент: “Даромад ўз томорқангизда, ундан самарали фойдаланинг!”
2026-03-06 22:35:00 / Янгиликлар

“Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида ҳозирда ҳудуддаги 22 та маҳаллада бораётган томорқа фаолиятини ихтисослаштириш, жумладан, сабзавотчилик йўналишида 12 та, картошкачиликда 2 та, полизчиликда 4 та, мева-боғдорчилик, резавор ҳамда сархил мева етиштиришда, парранда ва чорвачилик тармоғида жами йигирмадан ортиқ, қолаверса, анор ва анжир ҳосилдорлигини оширишда алоҳида хўжаликлар шакллантирилаётгани ҳам аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида банд бўлган иссиқхоначи хонадонлар моддий манфаатдорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жумладан, “Бешработ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Чўрикалон қишлоғида томорқа еридан унумли фойдаланиб келаётган миришкор хонадонлар сафи ҳам кенгаймоқда. Бу қаторга ёшларнинг ҳам қўшилаётганлиги, айниқса, қувонарли.
Ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, “тўқсонбосди” экинлар, саримсоқпиёз, исмалоқ, шивит, кашнич, редиска, кўкатлар экиб етиштириш сабоғини Неъмат ака Шодиев оила аъзолари ҳам яхши билишади. Оилада фарзандлар билан биргаликда очиқ майдонда турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб келинмоқда. Шу кунларда плёнка остига экиб ундирилган ошқовоқ уруғлари парваришланмоқда.
Диёрбек Бобомуродов эса ўзига ажратилган томорқа ерида мевали кўчатлар экиб етиштирмоқда. Бугун бир йиллик бўлган талабгир мевали дарахт кўчатлари ҳар тупини ўртача 7-8 минг сўмдан дала бошидан харидорлар олиб кетишаётгани ҳам хонадон даромадини оширмоқда. Экин майдонида ҳозирда 15 минг тупдан ортиқ тайёр кўчат ва пайванд ниҳоллари мавжуд бўлиб, маҳалладошлар, томорқа ер эгаларига етказилмоқда.
Бугунги кунда ҳар бир оила ўз томорқасидан унумли фойдаланса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзини-ўзи тўла таъминлайди. Натижада уни бозордан сотиб олишга кетадиган маблағ тежалиши, иқтисодий фойдага эришилиши мумкин. Қолаверса, ўз эҳтиёжидан ортган маҳсулотни бозорга чиқарган оиланинг моддий аҳволи янада яхшиланади.
Айни эрта баҳор мавсумида туман миқёсида аҳоли ихтиёридаги 1 минг 415 гектар деҳқон хўжалиги экин майдонидан йил давомида камида уч марта ҳосил олиш учун томорқада алмашлаб экишни тизимли ташкил этишга доир тарғибот ишлари жонлантирилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








