Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди
2026-03-06 14:45:00 / Янгиликлар

Табрикда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, уларнинг қадр-қимматини улуғлаш Янги Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида етакчи ўринни эгалламоқда.
Бугунги кунда аёлларимиз турли соҳа ва тармоқларда Ватанимизнинг, шу жумладан вилоятимизнинг жадал тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшаётганларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Масалан, 2017 йилда вилоятда бошқарув соҳасида хотин-қизлар улуши ўртача 20 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу рақам 31 фоизга етди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари аъзоларининг 36,7 фоизини аёллар ташкил этмоқда, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлик аппаратларида 63 нафар аёллар бевосита раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Аёлларнинг давлат бошқаруви ва парламент фаолиятидаги иштироки кучайгани жамиятимиз ривожига ҳам ижобий таъсир этаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.Энг муҳими, ақл-заковатли, билимли ва истеъдодли хотин-қизларимиз давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида намуна бўлишмоқда.Ўтган йили фақатгина халқаро даражадаги мусобақаларда мамлакатимиз делегацияси таркибидаги вилоятимиз аёл спортчиларидан 24 нафари совриндорлар сафидан ўрин олишди. Маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро танловларда 20 нафар, мамлакат миқёсидаги кўрик-танловларда эса 56 нафар истеъдодли қизларимиз ғолибликни қўлга киритишди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд 61 минг 537 нафар хотин-қизларимиз “Аёллар дафтари”га киритилди. Ўтган йилда уларнинг ҳар бири билан манзилли ишлаб, ногиронлиги бўлган 17 минг нафардан ортиқ аёллар ва уларнинг 14 минг нафарга яқин фарзандларига санаторий ва шифохоналарда тиббий ёрдам кўрсатилди, саломатлиги тикланди. Боқувчисини йўқотган 8 минг 423 нафар хотин-қизга моддий ёрдам берилди. Яна 77 нафар аёлнинг уй-жой шароитлари яхшиланди. Қарийб 102 минг нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 1866 нафар хотин-қизлар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бизнесини бошлаётган 643 нафар аёлларга зарур асбоб-ускуналар сотиб олиш учун 6 млрд сўмдан ортиқ субсидиялар ажратилди.
Вилоятдаги касбга ўқитиш марказлари орқали 21 минг 585 нафар хотин-қизлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди ва уларга малака ҳужжати берилди.
Шунингдек, узоқ муддатга ер ажратиш ҳисобига 61 минг нафар хотин-қизларга деҳқон хўжалигини ташкил этиш имконияти яратилди.Хотин-қизларнинг саломатлиги – ҳар томонлама соғлом ва қудратли жамият пойдеворидир.Шу мақсадда вилоятимиздаги
14 та туғруқ муассасаси энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Бундан ташқари, жорий йилда 162 минг 607 нафар хотин-қизларда саратон касаллигини эрта аниқлаш мақсадида скрининглар ўтказилди.
Ҳозирги вақтда 1806 нафар хотин-қизлар илмий фаолият билан шуғулланаётгани, илмий ишланмаларнинг 77 фоизини олима аёлларимиз яратаётгани ҳам, жамиятда уларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Баҳор ва нафосат, гўзаллик ва латофат байрамига бағишланган тантана санъат усталари, хушовоз эстрада хонандалари концерт дастури билан якунланди. Қадрдон куй-қўшиқлар, мумтоз рақслар байрам тадбирига янада шукуҳ ва файз бағишлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








