Бухоролик хотин-қизларга давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари топширилди
2026-03-06 14:25:00 / Янгиликлар

Албатта, оила юмушлари, фарзанд тарбияси билан бирга, турли соҳа ва тармоқларда фидокорона хизмат қилаётган опа-сингилларимизнинг меҳнатини муносиб қадрлаш доимо давлатимиз эътиборида бўлиб келмоқда.
Биргина ўтган 2025 йилнинг ўзида юртимизда турли байрам саналари муносабати билан бухоролик 16 нафар хотин-қизлар давлат мукофотларига сазовор бўлишди.
Мазкур қувончли анъана жорий йилда ҳам давом этиб, куни кеча Президентимизнинг “8-март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонига асосида бухоролик 3 нафар аёллар давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланди.
Шунингдек, Меҳринисо Эргашова ҳамда Вазира Файзуллаева сингари зукко қизлар Зулфия номидаги давлат мукофотига муносиб кўрилди.
Турли соҳаларда меҳнат қилиб, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган 15 нафар аёллар "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди.
Вилоят ҳокимлигида мазкур мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, йиғилганларни ва улар тимсолида бухоролик барча хотин-қизларни байрам билан самимий табриклади.
Шундан сўнг тантанада давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди.
Шунингдек, бир қатор фаол хотин-қизларга вилоят ҳокимлиги томонидан ташаккурнома билдирилиб, уларга муносиб эҳтиром кўрсатилди.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, меҳнат жамоаларида Халқаро хотин-қизлар куни тантаналари давом этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









