Бухорода “Жасорат мактаби” ҳарбий ўқув-йиғини бошланди
2026-03-05 12:05:00 / Янгиликлар

Белгиланган вазифалар ижроси доирасида мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмларда ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турувчи, тарбияси оғир ёшлар учун “Жасорат мактаби” ҳарбий-ўқув лойиҳаси ҳар чоракда бир маротаба ўтказилади. Лойиҳада 18-30 ёшдаги жиноят содир этишга мойиллиги бор, профилактик ҳисобда турадиган тарбияси оғир ёшлар 5-10 кунлик ўқувларга жалб қилинади.
Лойиҳа доирасида ёшлар ҳарбий қисм ётоқхоналарига жойлаштирилиб, жанговар ва спорт, маънавий-маърифий тайёргарликдан ўтказилади. Шундан келиб чиқиб, Бухорода ҳам ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш орқали ҳарбий хизматга қизиқтириш, касб-ҳунар ва тадбиркорлик соҳасига ўқитишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бухоро шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда вилоят ҳудудларида профилактик ҳисобда турувчи ёшларни жалб қилган ҳолда ташкил этилган “Жасорат мактаби” ҳарбий-ўқув йиғини ана шундай амалий тадбирлардан бири ҳисобланади.
Ёшлар ишлари агентлиги ва ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигидаги мазкур лойиҳа ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш ҳамда ҳарбий хизматга тайёрлаш мақсадида ташкил этилган. Ўқув йиғинида вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 80 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этмоқда.
Ҳарбий-ўқув йиғинининг очилиш маросимида вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов иштирок этиб, мазкур ҳарбий-ватанпарварлик йиғини уюшмаган ёшларни ижтимоий фаоллигини оширишда, маънавияти ва жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, касб-ҳунар ўрганиши, бандлигини таъминлаш ҳамда юртимиз келажаги учун дахлдорлик ҳиссини уйғотиш мақсадида давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритди.
— Дастур доирасида иштирокчиларга ҳарбий тайёргарлик асослари, юртимиз Қуролли Кучлари фаолияти, фуқаролик ва ватанпарварлик бурчлари юзасидан назарий ва амалий машғулотлар ўтказилади. Шунингдек, “Жасорат мактаби” лойиҳасининг иштирокчилари бизнес режа тузиш ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш, компьютерда ишлаш, дастур тайёрлаш, автоэлектрик, двигател ҳамда замонавий эшик-ром каби йўналишларда дастлабки касбий йўналишларда ўқитилади, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов. — Албатта, ушбу тадбирлар турли ҳудудлардан келган уюшмаган ёшларнинг маънавий ва жисмоний уйғунликда улғайишида муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, тадбир доирасида ҳарбийлар, нуронийлар ва ёшлар етакчилари иштирокида маънавий-маърифий суҳбатлар, спорт мусобақалари ҳамда маданий тадбирлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Ҳарбий-ўқув йиғин доирасида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ҳам ўтказилди. Учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларни очиқ баён этиш имкониятига эга бўлдилар. Айрим масалалар шу жойнинг ўзида ҳал этилди, қолганлари бўйича эса масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









