Олот: “Мирза бобо Норов” МЧЖда 30 нафардан ортиқ хотин-қизлар бандлиги таъминланган
2026-03-05 09:45:00 / Янгиликлар

Айниқса, бугунги кунда аҳолининг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, аввало, уларнинг даромадларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллаларда касаначиликни ташкил этиш ва ривожлантириш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
"Опшоқ" маҳалласида очилган тикув цехи ана шундан ишлар самарасидир. Шу маҳаллада яшовчи тадбиркор Акрам Норов ташаббуси билан қўл урилган лойиҳага 500 миллион сўм маблағ сарфланган.
30 дан ортиқ замонавий тикув-бичув дастгоҳлари билан жиҳозланган цехда кийим-кечаклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада маҳалладаги 30 нафардан ортиқ хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратилди.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилаётгани нафақат маҳаллий бандликни ошириш, балки ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, қўшимча қувватларни ишга тушириш ҳамда яна 60 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Мазкур ташаббус хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






