Семинар ипакчилик ва тутчилик соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланди
2026-02-27 14:40:00 / Янгиликлар

Соҳада инвестиция муҳитини яхшилаш, хомашё базасини кенгайтириш, ипак қурти уруғи ҳажмини кўпайтириш, пилла етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали соҳадаги бандликни икки баробарга ошириш, бозор механизмларини жадаллаштириш вазифалари белгиланган.
Ҳозирда республикамизда пилла етиштириш эркин шартномавий муносабатлар ва ихтиёрийлик асосида ташкил этилган. Пиллачилик агрономлари маҳалла фаоллари билан кенгашган ҳолда аҳолининг банд бўлмаган қатламини пиллачилик йўналишига жалб қилмоқда. Ушбу соҳа билан шуғулланган фуқароларга қатор имтиёзлар берилаяпти. Даромад солиғидан озод қилиш, бир йиллик меҳнат стажлари бериш, ҳосил олдидан бўнаклар тарқатиш шулар жумласидандир.
Бухоро туманида ташкил этилган семинарда қарор мазмун-моҳияти иштирокчиларга кенг тушунтирилди.
Пилла — она табиат томонидан инъом этилган мўъжиза. Бир қараганда, оддий ишдек кўринган юмушлар кишидан сабр-бардош, ҳалол ва машаққали меҳнатни, табиийки, халқаро мезонлар асосида ишлашни талаб этади. Бу, ўз навбатида, машҳур қўшиқда куйланганидек, ипакларни зарри тиллога айлантиради.
Тадбирни кириш сўзи билан очган вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ипакчиликнинг хотин-қизлар бандлигини таъминлашдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бундай семинарлар ипакчилик ва тутчилик соҳасида замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш, аҳолининг даромад манбаларини ошириш, айниқса хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шундан сўнг вилоят “Агро пилла” МЧЖ раҳбари Илёс Темиров томонидан ҳудудда ипакчилик соҳасида олиб борилаётган ишлар, яратилаётган имкониятлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Мутахассислар томонидан иштирокчиларга ипак қурти уруғини инкубацияга қўйиш, уни жонлантириш ҳамда кичик ёш даврида тўғри озиқлантириш бўйича амалий тавсиялар берилди. Хусусан, Тошкент давлат аграр университети профессори Собир Наврўзов ипак қурти парваришининг илмий асослари, самарали усуллари ҳамда замонавий технологиялар ҳақида тўхталди. Шунингдек, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Сафарали Ҳожиматов томонидан баҳорги ва такрорий мавсумда ипак қурти парваришлашдаги муҳим агротехник тадбирлар, касалликлар ва уларнинг профилактикаси юзасидан тавсиялар берилди.
Семинар давомида тут плантацияларини барпо этиш, тут кўчатларини экиш, пайвандлаш ҳамда мавжуд тутзорларни реконструкция қилиш усуллари ҳам амалий мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.
Маълумот учун, жорий йилда вилоятимизда фермер хўжаликлари, касаначилар билан тузилган шартномага мувофиқ 52 минг 388 қути ипак қурти парваришланиб, 3,2 минг тонна сифатли “кумуш тола” олиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









