Халқаро илмий-амалий конференция Бухоро яҳудийлари тарихи ва маданиятига бағишланди
2026-02-24 15:40:00 / Янгиликлар

Нуфузли тадбирда АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жонатан Хеник, Исроилнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Гидеон Лустиг, АҚШ ва Канаданинг Бухоро яҳудийлари Конгресси координатори ҳамда “The Bukharian Times” газетаси бош муҳаррири Рафаел Некталов, америкалик таниқли олимлар, йирик инвесторлар ва ҳамкорлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мазкур конференция нафақат тарихий меросимизни чуқур таҳлил қилиш, балки уни замонавий тараққиёт жараёнлари билан уйғунлаштиришга хизмат қиладиган муҳим илмий майдондир.
Бугун ЮНЕСКО эътирофига сазовор бўлган Бухоро тарихий маркази ана шу кўп асрлик ҳамжиҳатлик ва цивилизацион уйғунлик маҳсулидир. Бу ҳудудда Бухоро яҳудийлари қолдирган тарихий синагогалар, маҳаллалар ва маданий излар умумий меросимизнинг муҳим қисми сифатида эътироф этилади.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган очиқ ва одилона сиёсат туфайли тарихий меросни асраш, миллатлараро дўстлик, тотувлик ва диаспоралар билан муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш янги босқичга олиб чиқилди. Бу эса Бухоро яҳудийлари меросини чуқур ўрганиш ва уни жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш учун қулай шароит шакллантирмоқда.
Ўз ўрнида Бухоро вилояти ҳам Америка минтақалари билан халқаро ҳамкорликни фаол равишда ривожлантириб бормоқда. Хусусан, Америка Қўшма Шаталари ва Канада бўйича Бухоро Яхудийлари Конгреси билан илмий-амалий, туризм ва инвестициявий жараёнлар бўйича, Санта Фе шаҳри билан биродарлик, маданият, маданий мерос ва ҳунармандчилик йўлида ўзаро илиқ муносабатлар мазмунан янги босқичга кўтарилди. Жорий йилдан бошлаб Америкадан минглаб сайёҳ ва инвесторларнинг Бухорога ташрифи кутилаётгани давлатимиз раҳбарининг юксак сиёсий иродаси ва халқаро даражадаги дўстона муносабатларнинг амалий ифодасидир.
Конференция давомида Бухоро яҳудийларининг минтақа тараққиётидаги ўрни, маданий мероси ҳамда ўзаро ижтимоий-маданий алоқаларнинг тарихий илдизлари борасида илмий хулосалар йиғилган эътиборига ҳавола этилди.
Илгари сурилган илмий хулосалар ва амалий таклифлар нафақат тарихий тадқиқотлар учун, балки замонавий маданий сиёсат, халқаро ҳамкорлик ва инвестициявий ташаббуслар учун хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
