“Яхши ҳосил астойдил меҳнат ва эътибор талаб қилади”, дейди қоракўллик томорқачи Иброҳим ака
2026-02-24 15:05:00 / Янгиликлар

Меҳнатсеварлиги ва тажрибаси самарасида етиштирилган ҳосил мўл бўлиб, бу эса оиланинг даромадини ошириш, рўзғор барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.
Иброҳим ака помидор етиштиришнинг ўзига хос агротехникасини пухта эгаллаб олган. Шароитга кўра, ўсимликларнинг ривожланиши ва уларни парваришлаш қатъий йўриқларини оддий деҳқонларга қараганда яхшироқ билади.
Шу боис ўз фаолиятини янада кенгайтириб, 18 сотих майдонда иссиқхона барпо этди. Ушбу майдонга помидорнинг серҳосил ва бозорбоп “Аламина” навини экиб, мўл ҳосил олишни ният қилган. Мазкур навнинг бозорда харидоргирлиги юқори бўлгани боис, етиштирилаётган маҳсулот нафақат оиланинг кундалик эҳтиёжларини қоплаш, балки барқарор даромад манбаини яратишга хизмат қилмоқда.
Иброҳим ака ўз ҳамқишлоқларидан бу соҳадаги илмий асосланган маслаҳатларини сира ҳам аямайди. Улар билан тез-тез суҳбатлашиб туради. Икки томонлама бундай фойдали мулоқотлар қишлоқдаги ер участкаларидан фаровон ҳосил олиш учун муҳим жиҳатлардан бирига айланди.
Иссиқхонадан олинаётган даромад эвазига хонадон фаровонлиги ортиб, оила бюджети мустаҳкамланмоқда. Энг муҳими, бундай ташаббуслар жойларда томорқадан унумли фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
