Ғиждувоннинг саноат салоҳияти ошиб бормоқда
2026-02-23 15:50:00 / Янгиликлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 1 июнь куни мазкур ҳудудга қилган ташрифи бу жараёнларга катта куч ва руҳ бағишлади. Бу ташриф бир пайтнинг ўзида ҳам халқ билан мулоқот, ҳам амалий натижалар тақдимоти, ҳам келажак тараққиётининг стратегияси бўлди.
Давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувида Ғиждувон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туман марказини архитектура қиёфасини тубдан янгилаш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича қатор вазифалар белгиланган эди.
Шунга кўра, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини кўтариш, иш ўринларини кўпайтириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш борасидаги ишлар жадаллашди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман(шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз бўйлаб 16 та шаҳар ва туманни комплекс ривожлантириш белгиланиб, уларда ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик-коммуникация, транспорт, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилди.
Мазкур ҳудудлар қаторида тадбиркорлар ва ҳунармандлар юрти сифатида ном қозонган, бой тарихий ва маданий меросга эга Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ҳам бор. Қарор ижросини таъминлаш доирасида туманда 30 дан ортиқ йирик ва ўрта лойиҳалар шакллантирилиб, айни пайтда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йил мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” мақоми берилиб, тубдан ривожланадиган 33 та ҳудуд сафида Ғиждувон тумани ҳам бор.
Туманда мавжуд хомашё захираларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, саноат кооперацияси чуқурлаштирилади. Саноат зоналари қуввати кенгайтирилиб, саноатнинг ўсиш суръати таъминланади.
Мулоҳазаларимизни “Файзулла Хўжаев” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган эркин иқтисодий зонада амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари мисолида давом эттирамиз.
Иқтисодий зонада “Назарбек Келажак Нури” МЧЖ томонидан қиймати 9 млрд сўмлик лойиҳа асосида поябзал, ПВХ шланг ва хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада 30 нафарга яқин фуқаролар доимий иш ўрни билан таъминланди. Корхонада йилига 20 минг жуфт поябзал ва 300 тоннадан ортиқ ПВХ маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ички бозорга етказиб берилмоқда.
“Миранес Ғиждувон” МЧЖ томонидан қиймати 5 млрд сўмлик лойиҳа доирасида чигитни қайта ишлаш орқали саноат мойлари ҳамда ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонада 15 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар бандлиги таъминланиб, йилига 1500 тоннадан ортиқ техник ва саноат мойлари ишлаб чиқарилмоқда.
“Улуғбек Фаррухбек Гранд” МЧЖ томонидан қиймати 8 млрд сўмлик картон қутилар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. 20 нафардан ортиқ фуқаролар иш билан таъминланди, йилига 1000 тоннадан ортиқ тайёр картон қутилар республикамиз бўйлаб етказиб берилмоқда.
“Алп Камол Файз” МЧЖ томонидан қиймати 5 млрд сўмлик тикувчилик цехи ташкил этилиб, 40 нафарга яқин хотин-қизлар доимий даромад манбаига эга бўлди. Бу эса хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим қадам бўлди.
Ғиждувонда амалга оширилаётган бундай йирик лойиҳалар — бу янги иш ўринлари, аҳоли даромадлари ошиши ва саноат ривожининг амалий ифодасидир. Ҳудудда яратилаётган имкониятлар Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг жойлардаги ёрқин натижасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
