Шофирконнинг “болли кўчаси”: “Искогаре”даги асаларичилар хонадонидан репортаж
2026-02-19 15:25:00 / Янгиликлар

Бундан 8-10 йил олдин мамлакатимизда асаларичилик соҳаси эътибордан четда қолган эди. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 16 октябридаги “Республикада асаларичиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан инқирозга келиб қолган соҳа қайта жонланди. Эътиборлиси, бу соҳада йирик тадбиркорлик субъектлари шаклланди. Қолаверса, саноат усулида маҳсулот етиштириш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, мамлакатимизда асалари боқиш истагини билдираётган фуқаролар кўпаймоқда.
Шофиркон туманининг Искогаре маҳалласи бугун нафақат ўзининг файзли кўчалари, балки тадбиркор ва меҳнаткаш аҳолиси билан ҳам тилда тушган. Айниқса, ушбу маҳалладаги бир кўча борки, уни эл орасида “Асаларичилар кўчаси” деб аташади. Бу ерда 10 дан ортиқ хонадон асаларичиликни оилавий тадбиркорликка айлантириб, ҳам баракали даромад топмоқда, ҳам аҳоли дастурхонини шифобахш асал билан тўлдирмоқда.
Маҳалланинг кўзга кўринган тадбиркорларидан бири Зебо Ҳамидова ва унинг турмуш ўртоғи Бекжон Ҳусеновлар. Бу оила 2020 йилдан буён асаларичилик билан жиддий шуғулланиб келади.
Уларнинг хонадонида 100 қути асалари оиласи мавжуд бўлиб, йилига 1-1,5 тонна соф асал етиштирилади, йиллик даромад эса 100 миллион сўмдан ортиқни ташкил этмоқда.
Ушбу кўчадаги яна бир файзли хонадон эгалари — Бахтигул Ўринова ва унинг турмуш ўртоғи Акмал Баронов. Улар бу соҳада анча тажрибали бўлиб, ўз фаолиятини 2014 йилда бошлаган.
7 қути асалари оиласи билан фаолиятини бошлаган ушбу оила ҳозирги кунда 150 та оилага етказган бўлиб, ўртача 2 тоннадан ортиқ асал олинади. Даромад эса йилига қарийб 180 млнга тенг .
Диловар Қўлдошева ва турмуш ўртоғи Камол Мирзоевлар ҳам бугун асаларичилик орқасидан рўзғор тебратаётган намунали оилалардан. Ҳозирги кунда 42 қути асалари оиласи мавжуд бўлиб, йилига 650 кг шифобахш асал олинмоқда.
Искогарелик бу тадбиркорларнинг энг эътиборли жиҳати шундаки, улар нафақат ўз фойдасини кўзлайди, балки асаларичилик сирларини қўни-қўшниларига ҳам бажонидил ўргатмоқда. Бу эса қишлоқда янги иш ўринлари ва қўшимча даромад манбалари яратилишига хизмат қилмоқда. Эътиборлиси, асалга харидор ҳам мавжуд бўлиб, улар ишлаб чиқариш ва пишириқ тайёрлаш корхоналарига етказиб берилади.
Бугун “Искогаре” маҳалласида яшовчи бу оилаларни ҳамма бирдек танийди ва ҳурмат қилади. Уларнинг ҳалол меҳнати эвазига ушбу кўча ҳақиқатан ҳам “Асаларичилар кўчаси” деган номга муносиб эканини исботлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
