Когон тумани: “Беклар” маҳалласи замонавий қиёфага кирмоқда
2026-02-18 21:40:00 / Янгиликлар

Жумладан, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш, ички йўлларни таъмирлаш ва равон ҳолатга келтириш, ичимлик суви ҳамда электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича аниқ режа асосида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси лойиҳаси доирасида маҳалланинг 11 километрдан ортиқ ички йўлларини асфальтлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Айни пайтда йўлсозлик корхоналари томонидан йўлларнинг асос қисми махсус техника воситалари ёрдамида текисланиб, мустаҳкам пойдевор яратилмоқда ҳамда асфалт қопламаси ётқизишга тайёр ҳолатга келтирилмоқда. Мазкур ишлар якунлангач, маҳалла ички йўлларининг транспорт қатнови учун қулайлиги ва хавфсизлиги сезиларли даражада ошади.
Шунингдек, аҳолини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 6 та янги трансформатор пункти ўрнатиш ҳамда умумий узунлиги 40 километрдан ортиқ бўлган электр узатиш ҳаво линияларини тортиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар энергия таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш, кучланиш барқарорлигини таъминлаш ҳамда истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда суғориш тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида маҳалладаги мавжуд суғориш ариқларининг 3,5 километр қисми бетонлаштирилмоқда. Натижада сув ўтказувчанлиги яхшиланиб, “оби ҳаёт”нинг беҳуда исроф бўлиши камаяди, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини барқарор сув билан таъминлаш имконияти кенгаяди.
Умуман олганда, “Беклар” маҳалласида амалга оширилаётган мазкур инфратузилмавий лойиҳалар ҳудудни комплекс ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш ҳамда замонавий ва қулай муҳит яратишга қаратилган бўлиб, белгиланган режалар асосида изчил давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
