Бухорода “Оила ва никоҳ – муқаддас” мавзусида форум ўтказилди
2026-02-18 11:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган форум айнан жамиятнинг асосий таянчи бўлган оила институтини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ёшлар онгида никоҳ ва оилага масъулиятли муносабатни шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Унда вилоят адлия, прокуратура, суд, ички ишлар органлари, миграция агентлиги, олий таълим муассасалари, “Нуроний” жамғармаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси, касаба уюшмалари ташкилотлари мутасаддилари, тижорат банклари , Мусулмонлар идораси вакиллари, оила ва хотин-қизлар ҳудудий бўлимлари раҳбарлари ва маҳалла хотин-қизлар фаоллари, оқила аёллар иштирок этди.
Форумни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари-Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова очиб берди.
— Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ичида оила институтини мустаҳкамлаш, ибратли оилалар тажрибасини оммалаштириш ва уларни рағбатлантириш – давлат сиёсатининг ажралмас қисми сифатида кўрилмоқда... Янги Ўзбекистон Стратегиясида оилага “инсонга инсонпарварлик, яхши хулқ, таълим-тарбия ва умуман, ижобий хислатларни ўргатувчи мактаб” дея ижтимоий мақом берилди, — дея таъкидлади Зулайҳо Махкамова.
Форум давомида оила ва никоҳнинг муқаддаслиги, миллий анъана ва қадриятларимизда оиланинг тутган ўрни, ажримлар, эрта никоҳ ва эрта туғуруқларни олдини олиш, оилалар мустаҳкамлиги, оналар ва болалар саломатлиги, хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги роли, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масала эканлиги таъкидланди.
Мутахассислар томонидан замонавий таҳдидлар шароитида оилавий барқарорликни таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, маънавий-маърифий ишларни кучайтириш бўйича муҳим таклиф ва тавсиялар берилди, ташаббуслар илгари сурилди.
Ушбу форум республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
