Олотда ҳам “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги” ҳамда “оғир” тоифадаги маҳаллаларда инфратузилма янада яхшиланади
2026-02-17 21:25:00 / Янгиликлар
Олот туманида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш ва замонавий инфратузилма яратиш борасидаги ишлар янги босқичга чиқмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантиришга қаратилган қарорлари ижроси доирасида тумандаги қатор маҳаллаларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, “оғир” тоифага киритилган "Қиртай", "Қумкашoн", "Мухтор" ва "Бўрибек Чандир" маҳаллаларида инфратузилмани яхшилаш, ички йўлларни тартибга келтириш, электр таъминотини мустаҳкамлаш, кўча ёритгичларини ўрнатиш ҳамда суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда. Мазкур ҳудудларда пиёдалар йўлаклари қуриш, саломатлик йўлаклари барпо этиш, ижтимоий соҳа обектларини таъмирлаш ва янгилаш ҳам кўзда тутилган.
Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудудларда ариқлар ва каналларни бетонлаштириш орқали сув таъминотини яхшилаш, ҳосилдорликни ошириш ва сердаромад маҳсулотлар етиштириш учун қулай шароит яратиш мақсад қилинган. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини кўпайтиришга хизмат қилади.
“Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги маҳалла мақоми берилган "Катта Баёт", "Шайхлар" ва "Денов" маҳаллаларида эса янада кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Хусусан, ички кўчаларни асфалтлаш ва шағаллаштириш, пиёдалар ҳамда велойўлаклар қуриш, замонавий ёритиш тизимларини ўрнатиш, электр тармоқларини янгилаш, трансформаторлар ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, ушбу маҳаллаларда мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларини таъмирлаш, қўшимча бино ва спорт заллари қуриш, болалар учун хавфсиз ҳамда қулай шароит яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Янги мактабгача таълим муассасалари барпо этиш орқали қамров даражасини ошириш ҳам устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам маҳаллалараро кўприкларни таъмирлаш, кўнгилочар масканлар ташкил этиш, марказий кўчаларни 24/7 фаолият юритадиган савдо ва хизмат кўрсатиш ҳудудига айлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ижтимоий соҳа обектларини реконструкция қилиш, мавжуд биноларни мукаммал таъмирлаш орқали аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланади.
Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов маҳалла фуқаролар йиғини “еттиллик” аъзолари билан онлайн мулоқот ўтказди.
Мулоқот давомида туманда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, маҳаллаларнинг қиёфасини тубдан янгилаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда фаровонликни оширишга қаратилгани алоҳида таъкидланди. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган манзилли дастурлар асосида инфратузилмани яхшилаш, ижтимоий соҳа обектларини таъмирлаш, ички йўллар ва муҳандислик тармоқларини тартибга келтириш бўйича изчил ишлар олиб борилиши қайд этилди.
Шунингдек, маҳалла вакиллари ва туман мутасаддилари томонидан тайёрланган ривожлантириш дастурлари келгуси йилларда туманда улкан ўзгаришларга замин яратиши, бу жараёнда маҳалла “еттиллик” аъзолари ҳам ташаббускор бўлиб, ҳудудларни янада обод ва файзли масканга айлантиришга муносиб ҳисса қўшишлари зарурлиги қайд этилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
