Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Шофиркон ва Вобкент туманларида бўлди
2026-02-17 20:05:00 / Янгиликлар

Ўрганиш манзили дастлаб Шофиркон туманининг чекка ҳудудларидан бири — "Дўрман" маҳалла фуқаролар йиғинидан бошланди. Бу ерда тадбиркор аёллар томонидан ташкил этилган "Нозанин келажак авлоди" нодавлат мактабгача таълим ташкилоти (НМТТ) фаолияти меҳмонлар эътиборида бўлди.
Мазкур таълим маскани нафақат боғча, балки чинакам маънавият ва тарбия ўчоғига айланган бўлиб, лойиҳа қиймати 2 миллиард 56 миллион сўмни ташкил этади.
100 нафардан ортиқ болажонларни қамраб олиш имконияти эга таълим маскани, ҳозирги ҳолатда 60 нафардан ортиқ тарбияланувчилар таълим-тарбия олмоқда.
Ушбу муассасанинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан давлат-хусусий шерикчилик асосида "Кундузги парваришлаш хизмати" йўлга қўйилган. Ҳозирда 20 нафарга яқин алоҳида эҳтиёжли болажонлар ушбу хизматдан фойдаланмоқда.
Муассаса масъули, логопед-дефектолог Моҳинур Қурбонова меҳмонларга марказдаги ўқув жараёнлари ҳақида сўзлаб берди.
Тадбир давомида сўзга чиққан оналар яратилган бу имкониятлардан мамнун эканликларини билдиришди. Айниқса, чекка қишлоқ шароитида бундай ихтисослашган хизматларнинг мавжудлиги болаларнинг ривожланишида катта ижобий ўзгаришлар ясаётганини таъкидладилар.
Ташриф дастури асосида Вобкент туманида ҳам бир қатор тадбирлар ташкил этилди.
Дастур “Кумушкент ипаги” МЧЖда пилладан ипак толаси ва момиғи ишлаб чиқариш фаолияти ҳамда пиллачилик ўқуви жараёни билан танишишдан бошланди. Тадбиркор Шабон Ҳожиевнинг билдиришича, ўтган йили маҳсулотнинг 100 фоизи хорижга, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон ва Франсия давлатларига экспорт қилинган ва чет эллик буюртмачиларга 1,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот етказилган. Таъкидлаш жоизки, “Кумушкент ипаги”да 90 тага яқин доимий иш ўрни яратилган. Корхона ҳар йили минг нафарга яқин кишини мавсумий ишга жалб этаётгани ҳам даромадсиз оилалар учун бир имконият. Корхонага ишга жалб этилган жамоанинг аксар қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Корхонани хом ашё билан таъминлашда эса ипак қуртини 3 мавсум давомида боқиш йўлга қўйилган.
Шундан сўнг бош вазири ўринбосари Вобкент тумани ҳокимлиги биносида тадбиркор аёллар билан мулоқот ўтказди. Учрашувда тадбиркор аёллар, маҳалла фаоллари, масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Тадбиркорларнинг фаолиятини самарали йўлга қўйишда учраётган муаммоларнинг аксарияти жойида бартараф этилди. Маблағ ва вақт талаб этадиган муаммоларни ечиш бўйича бажарилиши лозим бўлган аниқ вазифалар, бажарилиш муддати кўрсатилган ҳолда масъул ижрочилар белгилаб олинди. Хотин-қизларни сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини оширишда намуна кўрсатаётган тадбиркорлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, сайёр қабул ўтказилиб, унда хотин-қизларнинг муаммолари тингланди. Қабулда иштирок этган мурожаатчиларнинг муаммолари тегишлилиги бўйича масъул идора раҳбарлари билан бамаслаҳат ҳал этиш чоралари кўрилди.
Шундан сўнг Зулайҳо Маҳкамова вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамроҳлигида “SHIRIN ETHNO HOUSE” оилавий корхонаси томонидан ташкил қилинган туризм маскани ҳамда “Даромадли аёл” лойиҳаси асосида йўлга қўйилган касаначилик фаолияти билан танишди.
Ширин қишлоғи ўзига хослиги, тарихий анъана ва қадриятлари, маҳаллий урф-одатлари билан этнотуризм қишлоғи сифатида ривожлантирилмоқда. Қишлоқда шўрданак билан бирга қуруқ мевалар, миллий ширинликлар, полиз экинлари ва ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш авлоддан-авлодга ўтиб келаётган мерос саналади. Қишлоқ ҳунарманд чевар аёллари бу маҳсулотларни тайёрлашда ҳар бир кўчадан битта хонадонга йиғилишиб, қадимги анъаналар, миллий куй-қўшиқларни ижро этишиб, лапархонлик, қадимги ривоятлардан ўқиб меҳнат қилишни одатга айлантиришган.
Бунда бир нечта ўтовлар тайёрланган бўлиб, бир томонда алоҳида сув ҳавзаси тайёрланиб, бир ёқда алоҳида оғилхона қуриб, унда сигир-бузоқ, қўй-эчки, товуқ, ўрдак, курка каби парранда ёки қуён парвариши олиб борилаётгани ҳам меҳмонлар қизиқиши ва ҳайратини ошириши табиий.
Меҳмонларга туризм қишлоғида йўлга қўйилган тадбиркорлик фаолияти, ҳунармандчилик билан шуғулланаётган хотин-қизларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида сўзлаб берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
