Бухорода Ўзбекистон–Сурия бизнес мулоқоти бўлиб ўтди
2026-02-14 10:50:00 / Янгиликлар

Форум икки давлатдан 200 нафардан ортиқ тадбиркор ва ишбилармон доиралар вакилларини бир майдонда жамлади.
Унда тегишли вазирлик ва идоралар, савдо-саноат палаталари ҳамда тармоқ бирлашмалари вакиллари иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов қатнашди ва нутқ сўзлади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Сурия ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. Айни пайтда Сурияда аҳоли сонининг юқорилиги, инфратузилмани тиклаш жараёнларининг фаол давом этиши ҳамда импорт маҳсулотларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, ушбу мамлакат Ўзбекистон учун истиқболли ва жадал ўсиб бораётган бозор сифатида намоён бўлмоқда.
Тадбир давомида томонлар ҳудудлараро ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Минтақавий даражадаги шериклик бизнес ташаббусларини тезкор қўллаб-қувватлаш ва инвестиция лойиҳаларини жойларда самарали амалга оширишга асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Шунингдек, мунтазам бизнес мулоқотини йўлга қўйиш, B2B алоқаларни кенгайтириш, бизнес-миссиялар алмашуви ва кооперация лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Форум доирасида ўтказилган B2B учрашувлар натижасида компаниялар ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари бўйича музокаралар олиб борди.
Якунда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган келишув ва шартномалар имзоланди. Хусусан, Савдо-саноат палатасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Тартус Савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
