Бухоро тумани: Ёржон қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилади
2026-02-13 10:30:00 / Янгиликлар

Ушбу қарор доирасида Бухоро туманидаги “Ойбек” маҳалласининг “Ёржон” қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақомини бериш режалаштирилмоқда.
Шунга кўра, қишлоқда туризмни ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг учун инфратузилмани модернизация қилиш ва йўл-транспорт тизимини яхшилаш, маҳаллий аҳолининг хизмат кўрсатиш соҳасидаги малакасини ошириш, миллий ҳунармандчилик ва маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, экологик, этно ва агро-туризм йўналишларини йўлга қўйиш, шунингдек, оилавий меҳмон уйлари ҳамда сервис хизматларини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, мутахассислар томонидан “Ёржон” қишлоғининг тарихий, табиий ва маданий жиҳатдан ўзига хос туристик марказга айланиши учун амалий тавсиялар ишлаб чиқилган. Хусусан, ҳудудда сайёҳлик хизматларини ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хизматлар сифатини ошириш ва бренд қишлоқ концепциясини шакллантириш бўйича таклифлар билдириляпти.
Мазкур ташаббус амалга ошгач, “Ёржон” қишлоғи Бухоро вилоятининг янги сайёҳлик масканларидан бирига айланиб, нафақат маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлайди, балки хорижий сайёҳлар учун ҳам миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган манзил сифатида танилиши кутилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
