Когон тумани: 17-умумтаълим мактабининг “Оқчамамат” филиали реконструкция қилинмоқда
2026-02-12 10:30:00 / Янгиликлар

Жумладан, тумандаги 17-умумтаълим мактабининг “Оқчамамат” филиалида ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси лойиҳаси доирасида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
“Зиё Шаҳриёр қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларига 3 миллиард 53 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Жараёнда ўқув хоналари, маъмурий хоналар ва ёрдамчи иншоотлар замонавий талабларга мос равишда янгиланмоқда, бино ички ва ташқи қисми тўлиқ реконструкция қилинмоқда.
Шунингдек, лойиҳа доирасида 156 ўринли қўшимча ўқув биноси ҳам бунёд этилмоқда. Янги бино замонавий қурилиш меъёрлари асосида барпо этилиб, кенг ва ёруғ синфхоналар, зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда қулай шароитлар билан таъминланади.
Мазкур амалга оширилаётган ишлар ҳудудда таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг билим олиш жараёнини янада самарали ташкил этиш ҳамда уларнинг ҳар томонлама камол топиши учун муносиб шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
