Олот: Баҳромовлар оиласи ҳам томорқадан, ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан даромад топмоқда
2026-02-11 20:15:00 / Янгиликлар

Бобохон Баҳромов ўз хонадонида тинимсиз меҳнат ва изланишлар орқали кўп тармоқли тадбиркорликни йўлга қўйган. Хонадонда 2 сотих майдонда ташкил этилган иссиқхонада 25 туп лимон парваришланмоқда. 16 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига барпо этилган ушбу иссиқхонадаги лимонлар айни пайтда гуллаб, ҳосилга кириш арафасида турибди. Бу эса келгусида оилага барқарор даромад манбаи бўлиши шубҳасиз.
Бундан ташқари, 8 сотих майдонда ташкил этилган ҳовузда зоғора, дўнгпешона, лаққа каби балиқ турлари парваришланмоқда. Йилига 2 тоннадан ортиқ балиқ гўшти етиштирилмоқда. Балиқчилик йўналишидан ўртача 40–50 миллион сўм даромад олинаётгани эса мазкур фаолиятнинг самарадорлигини яққол кўрсатади.
Хонадон ҳовлисида 2 минг тупдан ортиқ мевали дарахтлар – олма, нок, хурмо, ёнғоқ, шафтоли, анжир ва бошқа турдаги кўчатлар парваришланади. Ушбу боғ йилига 20 миллион сўмдан ортиқ даромад келтирмоқда. Узумчилик йўналишида эса ҳусейни, қора кишмиш, келинбармоқ, қорагўзал, тойфи каби навлардан 10–15 миллион сўм атрофида фойда олинади.
Бобохон Баҳромов таъкидлашича, томорқада етиштириш имкони бўлган бирорта ҳам маҳсулотни бозордан сотиб олмайди. Қўшимчасига, помидор, картошка ва сабзини кўп миқдорда етиштириб, истеъмолдан ортиқчасини ички бозорга етказиб бериш орқали яхшигина даромад олишни ҳам уддаламоқда.
Шунингдек, хонадонда 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи асосида қуёш панеллари ўрнатилган. Бу нафақат электр энергияси харажатларини камайтириш, балки қўшимча даромад олиш имконини ҳам бермоқда.
Умуман олганда, Баҳромовлар хонадонида иссиқхона хўжалиги, балиқчилик, боғдорчилик, узумчилик ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш каби йўналишлар уйғунлашган ҳолда йўлга қўйилган. Энг муҳими, бу меҳнат ортидан нафақат оиланинг фаровонлиги таъминланмоқда, балки маҳалладошлар учун ҳам ибрат мактаби яратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
