Пешку: Ғулом Ризоев лимондан йилига 60-70 миллион даромад топмоқда
2026-02-11 16:55:00 / Янгиликлар

“Боғимусо” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ғулом Ризоев ана шундай ташаббускор юртдошларимиздан бири. У ўз хонадонида 6 сотих майдонда лимонария ташкил этиб, иссиқхона шароитида гибрид лимон кўчатларини парваришлашни йўлга қўйган. Замонавий агротехник талаблар асосида олиб борилаётган ушбу фаолият натижасида 3 тонна сифатли лимон ҳосили олинмоқда. Томорқачи ўтган йилда 70 миллион сўмлик даромад қилди. Мазкур лимонарий маҳаллада томорқадан унумли фойдаланиш ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш бўйича намунали тажриба сифатида эътироф этилмоқда.
Тадбиркор келгусида бир гектар адирлик жойда лимонарий ташкил этишни мўлжалламоқда.
-Пул кўп кетса ҳам лимонни етиштиришда турли касалликларга қарши доимий ишлов бериб бориш зарур. Тагига гўнгни мўл бериб, сувни узмасангиз иссиқда мева бир текис чиқади. Акс ҳолда кўриниши ўзгаради. Шифобахш ва инсон организми учун зарур бўлган даволовчи озуқа моддалари жуда кўп бу цитрус ўсимлиги оилавий бизнес учун жуда фойдалидир. Иш бошлашдан сира чўчимаслик керак. Йил ўтгани сайин етарли тажриба ҳам орттириб борасиз. Лимоннинг “Мейер” нави ҳосилдорлиги, эрта мева бериши ва маҳаллий шароитга тез мослашувчанлиги билан алоҳида ажралиб туради. Биз шу навдан экканмиз. Ўстириш шароитлари ўртасида мувофиқликни таъминлаш, иншоот лойиҳасига қатъий риоя қилиб қуриш, бунда ўсимликка кун давомида қуёш нури бир текис тушишини таъминлаш, тупроқ шароити меъёрда эканлиги жуда муҳимдир. Насиб бўлса, бу йилги даромадимдан музлаткич олиб, сақлаш имкониятларимизни кенгайтирамиз,-дейди Ғулом ака.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
