Чорвачиликда гидропоника усулида озуқа етиштириш самарали ва даромадли технологияга айланмоқда
2026-02-11 16:45:00 / Янгиликлар

Қайд этиш лозимки, бугунги кунда чорвачиликда арзон, сифатли ва тўйимли озуқа тайёрлаш долзарб масала бўлиб, бу борада гидропоника технологияси юқори самарадорлик кўрсатмоқда.
“Човдур” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кичик чорвачилик хўжалигида ҳам юқоридаги омиллар асосида наслдор туёқ сонини кўпайтиришга эътибор қартилмоқда. Мазкур комплекс тадбиркор Рустам Самандаров томонидан ташкил этилган бўлиб, айни пайтда бу ерда Қирғизистон республикасидан келтирилган “Арашан” зотига мансуб 100 бошдан ортиқ қўй парваришланмоқда.
Ушбу зотнинг жайдари, дурагай, араби ёки қазоқи қўйлардан афзал жиҳатлари шундаки, бу турдаги қўйлар икки йил давомида 3 маротаба қўзилайди. Бир бош қўзининг 3 ойлик баҳоси ўртача 4–5 миллион сўмни ташкил этаётгани чорвадор учун юқори даромад манбаи, албатта.
Рустам Самандаровнинг қўйхонасида наслдор қўйлар талаб даражасида, тежамкор усулда озиқлантирилмоқда. Хусусан, гидропоника технологияси асосида буғдой ва бошқа бошоқли дондан экиб, ивитиб тайёрланаётган ширали озуқалар қўйлар соғлом ўсишига ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Ҳар бир бош қўй кунига ўртача 3 килограмм гидропоника усулида етиштирилган майса истеъмол қилади. Шунингдек, қўшимча равишда 500 грамм сомон хашаги ҳамда 500 грамм бошоқли донлардан тайёрланган гранулали омухта ем берилади. Умумий ҳисобда бир бош қўйни кунлик озиқлантириш харажати ўртача 3,5 минг сўмни ташкил этади.
Гидропоника усулининг яна бир муҳим жиҳати — унинг юқори самарадорлигидир. Масалан, 2 килограмм буғдойдан гидропоника технологияси ёрдамида 12 килограмм ширали майса етиштириш мумкин. Умуман, ҳар бир килограмм бошоқли дон 6 килограмгача озуқавий қийматга эга бўлган “яшил озуқа”га айлантирилади.
Гидропоника бу ундирилган дон маҳсулоти бўлиб, уни тайёрлаш учун махсус жиҳозланган хона ва замонавий ускуналардан фойдаланилмоқда. Бу жараён тўлиқ биологик асосга эга бўлиб, чорва учун зарур бўлган витаминлар, минераллар ва озуқа моддаларига бой ҳисобланади.
Мазкур усул сут ва гўшт йўналишидаги чорва моллари учун айни муддао бўлиб, озуқа сарф-харажатларини камайтириш, маҳсулдорликни ошириш ва чорвачиликда барқарор даромадга эришишда муҳим аҳамиятга эга.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
