“Илм ва Аёл: Барқарор жамият сари”: Бухорода илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни муносабати билан илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди
2026-02-11 09:35:00 / Янгиликлар

Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган анжуманда вилоятимизда илм-фан, таълим ва инновациялар ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган етук олима аёллар, илмий тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда ёш изланувчилар жам бўлдилар.
Тадбирда сўзга чиқаанлар томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илм-фан соҳасини ривожлантириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, жамиятда илмий тафаккур ва маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлашда хотин-қизларнинг ўрни беқиёс эканлиги алоҳида таъкидланди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимизда хотин-қизларини қўллаб-қувватлаш, уларга яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар самараси ўлароқ хотин-қизларнинг барча жабҳаларда, шу жумладан, илм-фандаги фаоллиги ва ташаббуслари йил сайин сезиларли ўсиб бормоқда. Вилоятимиз бўйича айни пайтда 260 дан зиёд хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларига заҳирага олинган, 60 нафар хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларига тавсия этилган, шундан 20 га яқин хотин-қизларимиз раҳбарлик лавозимларига тайинланган.
Вилоятимизда 1 нафар сенатор, давлат олий таълимда 1 нафар ректор, 3 нафар проректор аёлларимиз бор. Давлат ОТМларда 60 га яқин профессорлар аёллар, 200 дан ортиқ доцентлар, 450 га яқин фан номзодлари, яна юзлаб фан докторлари фаолият юритишмоқда.
Бугун вилоятимизда иқтидорли қизлар сони ҳам мингдан ошди. Яқиндагина олий таълим ташкилотлари бакалавриат босқичининг 2 нафар талаба қизлари Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига сазовор бўлишди. Шунингдек, 10 нафар қизларимиз Алишер Навоий, 4 нафари Ислом Каримов, 7 нафари Беруний, 1 нафари Ибн Сино, 1 нафари Улуғбек ҳамда 2 нафари Бобур номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлишди.
34 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган қизларимиз орасида 2 нафар профессор, 2 нафар доцент, 1 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 2 нафар таянч докторантурада таҳсил олаётган хотин-қизлар бор.
Анжуман якунида илм-фан ривожи, илмий изланишлар самарадорлигини ошириш, таълим сифатини юксалтириш ҳамда жамиятда маърифат ва инновацион ғояларни кенг тарғиб этиш борасидаги самарали фаолияти учун бир гуруҳ олима аёллар тақдирландилар.
Мазкур анжуман илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни илмга йўналтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
