Вобкент: 5-мактабгача таълим ташкилоти янги қиёфада фаолият бошлади
2026-02-10 21:15:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, айниқса мактабгача таълим соҳасини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, бу борада катта куч ва маблағлар сафарбар этилмоқда.
Хусусан, 2025 йилда туманда 6 та боғча мукаммал таъмирланиб, 4 таси янгидан қурилди.
2026 йилда эса яна 7 та давлат мактабгача таълим ташкилотини мукаммал таъмирлаш, 3 та янги боғча қуриш режалаштирилган.
Бугун эса “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 5-давлат мактабгача таълим ташкилоти мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Сифатли таълим ва тарбия олиш учун барча шароит муҳайё қилинган муассаса ҳудуддаги 180 нафар жажжи болажон учун ўз эшикларини қайтадан очди.
Ўтган давр мобайнида кўзга кўринарли таъмирлаш ишлари олиб борилмаган масканда муносиб ва замонавий шарт-шароитларни яратиш бўйича лойиҳа доирасида илгари сурилган ташаббус 2 мингтадан кўп овоз тўплади.
Президентимизнинг қарори асосида ушбу таклифни рўёбга чиқариш учун эса давлат бюджетидан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Натижада эски боғча биноси мукаммал таъмирланиб, янги ва замонавий кўринишга келтирилди.
Мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросимида туман ҳокими Акмал Остонов ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида “Ташаббусли бюджет” каби дастурларнинг аҳамияти билан биргаликда юртимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, замонавий билим ҳамда касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида гапириб ўтди. Айни дастур натижасида рўй берган ижобий ўзгаришлар алоҳида қайд этиб ўтилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





