Вобкент: Лимончилик Сожиддин Усмонов оиласига барака киритмоқда
2026-02-10 10:45:00 / Янгиликлар

Бу, албатта, вилоятда лимончиликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётгани билан боғлиқдир.
Ҳар бир қарич ер даромад манбаи эканлигини яхши англаган “Тераклик” маҳалласи Даҳана қишлоғида яшовчи Сожиддин Усмонов ҳам хонадонидаги 4 сотихли ер майдонига иссиқхона қуриб, лион етиштиришга киришганди.
Аввало, иссиқхона соҳасини яхши билган ҳудуд раҳбари Фарҳод ака Нарзиев, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Мардон Бақоев билан маслаҳатлашиб, 35 та лимон кўчатини ўтқазди. Лимон етиштириш сир асрорларини ўрганди, парвариш қилди. Натижада ўтган йил якуни билан ҳар бир тупдан ўртача 20 кг ҳосил йиғди. Маҳсулот асосан маҳаллий бозорга чиқарилди, ҳар килоси - 30 000 сўмдан. 4 сотих ердан 21 млн даромад олгач, 2026 йилда янада такомиллаштириш устида ишлаган Сожиддин ака бу йил лимон кўчатлари остига картошка уруғларини экди.
-Февраль ойи охири билан картошкалар эл дастурхонига тортилишга тайёр бўлади дейди,- тадбиркор деҳқон. Умумий майдондан 1 тоннага яқин ҳосил кутиляпти. Қайд этиш жоиз, бу ҳаракат атрофдагиларга ҳам жиддий қизиқиш уйғотди. Жорий йил бошидан “Тераклик” маҳалласида томорқа ишига қизиқадиган 10 нафардан ортиқ тадбиркор деҳқонлар иссиқхона қуриш ишларини бошлаб юборди. Сожиддин ака Усмонов қўшниларга билган билимини улашишга тайёр. Айни кунда қишлоқ аҳли помидор, булғор қалампири, қулупнай маҳсулотлари етиштиришга қизиқиш билдирмоқдалар.
Сожиддин Усмоновнинг тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, меҳр ва меҳнат билан ёндашилган ҳар қандай ташаббус муваффақиятга элтади. Бугун Вобкентда амалга оширилаётган шундай лойиҳалар келгусида вилоят миқёсида янги экспортбоп маҳсулотлар брендининг шаклланишига замин яратади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати
