Пешку: Ойбекжон Хайруллаев наслчилик хўжалигини кенгайтирмоқда
2026-02-09 16:10:00 / Янгиликлар

Юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, бу борада тадбиркорликни йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратилаётгани, зотли чорва молларини харид қилиш, уларни кўпайтириш ва бу орқали аҳолининг арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга кенг йўл очилгани бухоролик чорвадорларга қўл келмоқда. Айни шу соҳада фаолият олиб бораётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларда озуқа базасини кўпайтириш, наслчиликни яхшилаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи кечиктириб бўлмас вазифа сифатида белгилаётгани чорвага меҳр қўйган бухороликларнинг қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Вилоятда чорвачилик тармоғини равнақ топтиришга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Юзлаб чорвачилик комплекслари пайдо бўлди. Бу лойиҳалар халқимизни арзон, сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ҳамда даромадларини кўпайтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Мисол учун, Пешку туманининг “Валфажир” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ойбекжон Хайруллаев наслчилик ҳамда гўшт йўналишида тадбиркорлик фаолиятини олиб борилмоқда.
У бу лойиҳани амалга ошириш учун 500 млн сўм маблағ сарфлади. Бу маблағлар наслдор қўйлар хариди, озуқа базасини мустаҳкамлаш, парвариш шароитларини яхшилаш ҳамда ветеринария тадбирларини амалга оширишга йўналтирилган.
Ҳозирги кунда Ойбекжон Хайруллаев раҳбарлик қилаётган хўжаликда 100 бошдан зиёд қўй мавжуд бўлиб, шундан, 50 бош “Арашан” зотли қўйлар, 50 бош Тожикистоннинг Ҳисор наслига мансуб қўйларни ташкил этади. Бугун улар ҳам кўпайиб, ўз-ўзидан янги иш ўринлари вужудга келган. Ҳозирда ушбу хўжаликда 4 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган бўлиб, улар чорвани парваришлаш ва хўжалик ишларига жалб этилган.
– Иссиқ чўл шароитида бу каби зотли қўйларни парваришлаймиз деганимизда, кўпчилик эртак айтма дейишган, – дейди Ойбекжон Хайруллаев . – Лекин мақсадимизда қатъий туриб лойиҳамизни амалга оширдик. Наслли қўйларни боқиш учун етарлича шарт-шароитларни ташкил қилдик. Келгусидаги режаларимиз янада улкан.
Дарҳақиқат, Пешкуда мамлакатимизда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда чорванинг сонини ошириш, маҳсулдорлик сифатини яхшилаш, наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад нафақат вилоят аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, балки чорвачилик маҳсулотлари экспортини янада оширишдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




