Вобкент: Мактаб директори ташаббускор бўлса...
2026-02-09 14:50:00 / Янгиликлар

Вобкент туманидаги 40-умумтаълим мактаби директори Алишер Сатторов давр талабини дилдан ҳис этиб фаолият олиб бораётган раҳбарлардан бири.
Раҳбар тадбиркор бўлса, ислоҳотларнинг туб моҳиятини англаса, бажарилган ҳар бир топшириқ манфаат бўлиб жамоага, халққа қайтиши ортидан ҳам дуо олади, ҳам обрўси ошади.
Серғайтат директорнинг ташаббуси билан мактабда таълим-тарбия сифатини ошириш билан бирга қўшимча имкониятларни ишга солишга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Аввало, электр энергиясини тежаш, таълим даргоҳида дарс ўқитиш ишларида муқобил энергиядан самарали фойдаланиш мақсадида туманда биринчилардан бўлиб 40-сонли умумтаълим мактабида қуёш панелларидан фойдаланишга қарор қилинди. Шу мақсадда маскан биноси томига 10 kвт соатга тенг қуёш панеллари ўрнатилди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда таълим масканларида ҳам яшил ҳудудлар кўпайиб, кўчатчилик борасида яхши натижаларга эришилмоқда.
Алишер Сатторов раҳбарлик қилаётган умумтаълим мактаби ҳам шундай обод таълим масканларидан бири. Муассаса директори ташаббуси билан бу ерда яхши тажриба яратилди.
Мактаб ҳудудида бугунги кунда 1 гектардан ортиқ майдон кўкаламзорлаштирилган, манзарали дарахтлар ва кўчатлар экилган. Ободонлаштириш ишларини сифатли ташкил этиш учун қудуқ қазиб сув чиқарилган.
Бугун мактабнинг 100 туп гилос, 115 туп ўрик ўтқазилган ўзига хос боғи мавжуд. Мактаб ва спорт майдони атрофини ҳам манзарали арча дарахтлари билан ўраб олинган. Бундан ташқари, 75 туп гилос, 115 туп ўрик, 12 туп арча янгидан ўстириш мақсадида экилган. Мингдан ортиқ сара мевали дарахт данаклари куз мавсумида экилган, икки юз терак қаламчаси қадалган.
Кўчатларни сотишдан келаётган даромад мактабни жорий таъмирлаш, муассаса ҳудудини ободонлаштириш ишларига сарфланмоқда.
Хусусан, мактабдаги иқтидорли ёшларни, турли танлов ғолибларини рағбатлантириш, спорт мусобақаларида жамоани спорт кийимлари ва жиҳозлар билан моддий таъминлаш каби масалалар ҳам қийинчилик туғдирмайди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




