Сессияда Бухоро вилоятида 2026 йилда ишга тушириладиган драйвер лойиҳаларининг манзилли дастури кўриб чиқилди
2026-02-07 12:35:00 / Янгиликлар

Сессия ишида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари, вилоят ҳокимлиги бўлинмалари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, ҳудудий студиялардан ҳам тегишли масъуллар видеоконфренцалоқа орқали сессия ишини кузатиб боришди.
Сессияда дастлаб вилоят прокуратураси томонидан 2025 йилда вилоятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамовнинг ахбороти эшитилди.
Кун тартибидаги навбатдаги масалада вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш борасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йилдаги асосий вазифалар тўғрисида вилоят ичики ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов ҳисобот берди.
Шундан сўнг депутатлар “Бухоро вилоятида 2026 йилда ишга тушириладиган драйвер лойиҳаларининг манзилли дастури тўғрисида”ги, “Вилоят маҳаллий бюджетининг 2026 йил эркин қолдиқ маблағларини йўналтириш тўғрисида”ги масалаларни кўриб чиқдилар. Мазкур масалалар бўйича вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳамза Қиличов ахборот берди.
Кун тартибига мувофиқ белгиланган “Халқаро тараққиёт ассоциациясининг кредит маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган “Шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш" лойиҳа концепциясини келишиш тўғрисида”ги масала ҳам қизғин муҳокамаларга бой бўлди.
Шунингдек, сессия ишида халқ депутатлари вилоят Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар кўриб чиқилди. Бу борада депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









