Бухорога яна 25 дона замонавий автобус олиб келинди
2026-02-06 10:45:00 / Янгиликлар

Хусусан, ташаббускор тадбиркорлар томонидан 2023-2025 йилларда Хитой давлатида ишлаб чиқарилган, ҳар томонлама қулай ва шинам бўлган замон талабларига жавоб берадиган 116 та янги автобус, 45 та микроавтобус олиб келинди.
Мазкур ишларнинг узвий давоми сифатида жорий йилда Бухоро шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш ва тирбандликларни қисқартириш мақсадида шаҳарнинг “Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш” бош режаси ишлаб чиқилди. Бош режага мувофиқ, Бухоро шаҳрида 21 та янги автобус йўналиши жорий этилиб, аҳоли гавжум бўлган ҳудудларда транспорт ўтиш боғламалари қурилади, 113 та чорраҳада “Ақлли светофор” тизими қўлланилади. Шунингдек, автобуслар ҳаракатига устуворлик бериш мақсадида Бухоро шаҳрининг 7 та марказий, яъни “Муҳаммад Иқбол”, “Ибн Сино”, “Ислом Каримов”, “Мирдўстим”, “Ғиждувон”, “Баҳоуддин Нақшбанд” ва “Мустақиллик” кўчаларида алоҳида автобус йўлаклари ташкил этилмоқда.
-Илгари кўп ҳолларда кечки вақтда йўловчилар сийраклашганидан сўнг, йўналишларда автобусларни топиш қийин бўларди. Аҳолига сифатли жамоат транспорти хизматини кўрсатиш мақсадида жамоат транспорти фаолиятида “Брутто-шартнома” тизими жорий қилинди. Бу тизимда ҳайдовчилар олдинги кунлик белгиланган пул тушуми учун жавобгар бўлмайди. Аксинча, ташувчи корхоналар томонидан белгиланган график ва масофа учун қатновларнинг амалга оширилганлиги, яъни автобуслар босиб ўтган йўли ва кўрсатган хизматлари сифати учун ҳақ тўлаш механизми йўлга қўйилди. Ҳозирда брутто йўналишларимиз 7 тага етиб, 84 та янги автобус бу тизим орқали халқимизга беминнат хизмат кўрсатмоқда. Февраль ойидан бошлаб брутто йўналишларида йўл кира нақд пулсиз тўлаш тизимини ҳам ишга туширдик. Бунда ташувчи корхоналарга брутто шартнома асосида қатновларни бажарганлиги учун давлат бюджетидан жами 33,6 млрд сўм маблағ тўлаб берилди,-дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Фахриддин Ражабов.
Ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида замонавий ҳаракат таркиблари (янги автобусларни) олиб келиш ишлари давом этмоқда. Хусусан, бугун “Bux Pit Stop ” корхонаси томонидан яна 25 та замонавий автобус олиб келинди.
Ушбу автобуслар ҳам йўловчилар учун қатор қулайликларга эга. Улар “Евро-5” стандарти талабларига тўлиқ жавоб беради ҳамда табиий сиқилган газда ҳаракатланади. Ҳар бири 30 нафар йўловчини қулай шароитларда манзилига етказишга мўлжалланган ушбу автобуслар паст полли бўлиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун махсус пандус ускуналари ва алоҳида ўриндиқлар билан жиҳозланган. Йўл ҳақи тўловларини электрон тарзда ҳам амалга ошириш учун “АТТО” тизими ўрнатилган. Автобус салони тўлиқ кузатув камералари билан таъминланган. Энг асосийси, автобус салонида йил давомида сифатли хизмат кўрсатиш учун иситиш ва совутиш тизимлари ҳам мавжуд. Шунингдек, автобус ичидаги йўловчиларни сонини аниқлаш тизими йўлга қўйилган.
Юқори даражадаги қулайликларга эга бўлган замонавий автобуслар жамоат транспорти етиб бормаган нуқталарни ўзаро боғлаш учун хизмат қилиб, тендер натижаларига кўра 13-сонли “Маданият” бош бекати – “Тўқимачи” бош бекати ва 15- сонли “Марказий деҳқон бозори” бош бекати – “Ғурбинча” йўналишларида брутто асосида қатновларни амалга ошириб, йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатишни бошлайди. Шу орқали Бухоро шаҳрида жамоат транспортининг сифат жиҳатидан янада яхшиланишига эришилади.
Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов жамоат транспорти инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида олиб келинган замонавий автобуслар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда таъкидланганидек, март ойи якунига қадар Бухорога яна 60 та ана шундай автобуслар олиб келинади. Хусусан, "Yutong" компанияси билан ҳамкорлик доирасида шаҳар типига мослаштирилган катта ҳажмдаги 12 дона автобус харид қилиш бўйича шартнома имзоланган. Ҳозирда бу автобуслар ҳам етказиб бериш жараёнида. Умуман, йил якунигача янги олиб келинаётган жамоат транспортлари сони 100 тадан оширилади. Ушбу авобусларнинг барчаси йўналишларда брутто-шартнома асосида аҳолига хизмат кўрсатади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









