Жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда маҳаллаларда тинч ва осойишта муҳитни яратиш – кун тартибида
2026-02-05 10:10:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда маҳаллаларда тинч ва осойишта муҳитни яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мазкур вазифаларнинг амалий ижроси юзасидан Миллий гвардия қўмондони, генерал-полковник Баҳодир Ташматов Бухорода манзилли ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Дастлаб вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Бухоро шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ва ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Айнан маҳаллага тушиб, муаммоларни жойида ҳал этиш, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш орқали аниқ натижаларга эришиш нуқтаи назардан, мутасаддилар жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлган “Садриддин Айний” маҳалласида бўлишди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жиноятчиликнинг асосий сабаблари кўп ҳолларда маҳаллий инфратузилманинг етарли даражада ривожланмагани, назорат механизмларининг заифлиги ва профилактик ишлар тизимли йўлга қўйилмагани билан боғлиқ. «Садриддин Айний» маҳалласида ўтказилган ўрганишлар ҳам ана шу ҳолатни очиқлади.
Ўрганишлар давомида профилактика инспекторларининг хизмат фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас. Чунки жиноятчиликка қарши курашишда жазо эмас, балки профилактика устувор бўлиши керак. Инспекторларнинг аҳоли билан ишлаш имкониятлари, улар учун яратилган шарт-шароитлар, техник таъминот ҳолати таҳлил қилиниб, тизимдаги камчиликлар очиқ тан олинди.
Муҳокамалар жараёнида маҳаллани қисқа муддат ичида рақамлаштириш масаласи алоҳида долзарб вазифа сифатида кўтарилди. Рақамлаштирилган маҳалла — бу фақат камералар эмас, балки таҳлилий маълумотлар, хавфли ҳудудлар харитаси, профилактика ишларининг аниқ режаси демакдир.
Кўп қаватли уйлар атрофини тунги вақтда ёритиш масаласи ҳам жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим омил сифатида белгиланди.
Чунки ёритилмаган ҳудуд — хавфли ҳудуд. Бу борада масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, ижро муддатлари белгилаб қўйилди.
Энг муҳим жиҳат — муаммоларни ҳал этишда илмий ёндашувларга таяниш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Жиноятчиликка қарши курашиш — бу фақат куч билан эмас, балки таҳлил, маълумот, рақам ва профилактикага асосланган комплекс тизим орқали самара беради.
«Садриддин Айний» маҳалласи мисолида олиб борилган ишлар жиноятчиликка қарши курашишда янги, амалий ва тизимли ёндашув шаклланаётганидан далолат беради. Белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши эса нафақат бир маҳаллада, балки бутун туман миқёсида хавфсиз ва барқарор муҳитни яратишга хизмат қилади.
Манзилли ишлар давомида Бухоро марказий деҳқон бозори ҳам кўздан кечирилиб, унда аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди, шунингдек, савдогарлар билан яқиндан суҳбат олиб борилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижроси, жумладан, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, профилактик тадбирларни кучайтириш ва аҳоли хавфсизлигини ишончли таъминлаш бўйича берилаётган топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, савдо расталаридан фойдаланиш учун ҳақ тўлаш, бозорларда кўрсатилаётган хизматлар ва бошқа тўловларни амалга оширишда очиқ ва шаффоф тизимни яратиш борасидаги ишлар назоратдан четда қолмади.
Ўрганишлар жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ва тезкорлигини ошириш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармасида ташкил этилган «Тезкор бошқарув маркази»да давом этди. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган марказ «Геоинформасион электрон харита» дастури асосида ишлайди. Унга ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш, транспорт ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва бошқа идораларнинг 64 та электрон базаси интеграция қилинган.
Таъкидланганидек, Бухоро шаҳрида аҳоли зичлиги ва транспорт ҳаракатининг юқорилиги хавфсизликни таъминлашда замонавий ва тизимли ёндашувларни талаб этади. Шу боис, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда профилактик ишлар самарадорлигини ошириш устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









