«Саломатлик марафони»: Шофиркон туманида кенг қамровли тиббий кўриклар ўтказилди
2026-02-04 18:10:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбир доирасида Шофиркон туман тиббиёт бирлашмаси томонидан олдиндан ишлаб чиқилган режа асосида зарур ташкилий ва амалий чора-тадбирлар амалга оширилди.
Тадбирининг очилиш маросимида Шофиркон туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Фурқат Тоҳиров, Шофиркон туман ҳокими ўринбосари Акмал Қозоқов сўзга чиқиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг оғир асоратларини олдини олишда профилактик тиббий кўрикларнинг муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидладилар. Тадбирга расман старт берилиб, тиббий хизматлар аҳолига яқинлаштирилгани қайд этилди.
Тадбир жараёнига Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасининг малакали мутахассис шифокорлари, ўрта тиббиёт ходимлари ҳамда махсус тиббий бригадалар жалб қилинди. Тиббий кўриклар замонавий талабларга мос, аҳолига қулай шароитда ва очиқ форматда ўтказилиши таъминланди.
Тадбир доирасида туман ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи аҳоли оммавий равишда тиббий кўрик ва профилактик скрининг текширувларидан ўтказилди.
Хусусан:
2–10 ёшдаги 458 нафар бола паразитологик текширувдан ўтказилиб, 18 нафарида аниқланган касалликлар бўйича зарур даволаш чоралари кўрилди;
3–18 ёшдаги 687 нафар болада онкогематологик лаборатор таҳлиллар ўтказилиб, 164 нафар болада камқонлик аниқланиб, уларга тегишли даволаш ва соғломлаштириш чоралари белгиланди;
40 ёшдан ошган 1 569 нафар фуқаро юрак-қон томир ва қандли диабет касалликлари бўйича скринингдан ўтказилиб, 67 нафар фуқарода ушбу касалликлар илк босқичда аниқланиб, назорат ва даволашга олинди;
Хавф гуруҳига кирувчи 478 нафар бемор кўкрак қафаси рентгенологик текширувларидан ўтказилиб, 28 нафар фуқаро пульмонолог шифокор кўригига йўналтирилди.
Шунингдек, тадбир давомида аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлашнинг аҳамияти, профилактика чораларини кучайтириш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, тиббий маданиятни ошириш ҳамда касаллик аломатлари пайдо бўлганда ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш бўйича кенг қамровли тушунтириш ва маърифий ишлар олиб борилди.
Маълумотларга кўра, «Саломатлик марафони» тадбири давомида жами 17 687 нафар аҳолини тиббий кўрик ва скрининг текширувларидан ўтказиш режалаштирилган. Ҳозирга қадар аниқланган 4 849 нафар бемордан 182 нафари стационар даволанишга, 4 667 нафари эса амбулатор даволанишга олинди.
Мазкур тадбир Шофиркон туманида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни барвақт аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








