Пешку: “Янгибозор”да Насриддиновлар хонадонида наслдор қуён сони 200 бошга етказилди
2026-02-02 16:10:00 / Янгиликлар

Меҳнаткаш оила учун қуёнчилик ҳам истиқболли тармоқ. Бу жонивор тез кўпайиши, семириши ва фойдалилиги билан ажралиб туради. Вилоятимизда оммалашаётган “паҳлавон” ва шу каби бошқа наслли қуёнларни парваришлашнинг завқли томонлари ҳам бор. Жумладан, бу турдаги қуён ярим йилдан кўпроқ муддатда яхши парваришланса, 6-7 килограмм “тош” босади. Бемалол 5 килограмм атрофида парҳезбоп гўшт қилади. Демак, қуён гўшти килограмини ўртача 50 минг сўмдан ҳисоблаганда, ҳар бир бош етилган қуён камида 300 минг сўм атрофида даромад дегани.
Янгибозор маҳалласида истиқомат қилувчи Дилшод Насриддинов ҳам хонадонида наслдор қуёнлардан боқишни йўлга қўйиб, оилавий тадбиркорлик фаолиятини юритмоқда. Аввалига 4-5 бош қуён парвариши билан бошланган ташаббус туфайли бугунга келиб хонадондаги қуён сони 200 бошдан оширилган.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион сўмни ташкил этиб, фаолият тўлиқ ташаббускор, яъни Дилшоднинг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилмоқда. Қуёнчилик соҳаси кам майдонда ташкил этилиши, ем-хашак харажатларининг нисбатан пастлиги, қисқа муддатда насл бериши ҳамда маҳсулотларининг тез реализация қилиниши билан юқори иқтисодий самарадорликка эга.
Хонадон соҳибининг айтишича, қуён парваришидан ярим йилда ўртача 35 миллион сўм фойда қўлга киритилмоқда.
Дарвоқе, қуён тез болалайди, туғилганидан уч ой ўтиб, кўпаяди, ҳар кўпайганда, қирқ кунда 10 тагача болалайди. Ҳар бир қуён бир кунда ўртача 200-250 грам комби-корм, яъни омухта еми билан озиқланади. Семириб етилгунига қадар эса умуман, 30 килограм атрофида ем тақозо қилинади. Муҳими, гўшти ҳалол ва парҳезбоп. Мутахассислар фикрига кўра, қуённинг нафақат гўшти ва териси, балки унинг ёғи ҳам экологик тоза маҳсулот бўлиб, жаҳон косметологиясида кенг фойдаланилади. Айниқса, қуённинг териси ва мўйнасини саноат усулида қайта ишлаб, эскпорт қилиш тадбиркорларга мўмай даромад келтиради.
Насриддиновлар хонадонида парҳезбоп қуён гўшти етиштириш ва ички бозорга етказиб бериш, қуён терисидан маҳсулотлар тайёрлаш, зотли қуёнларни кўпайтириш ва сотувга чиқариш ишлари жадал олиб борилмоқда. Муҳими, бу фаолият туфайли ташаббускор йигит ўзи ва оила аъзоларини доимий иш билан таъминлаб, барқарор даромад манбаини шакллантирган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






