Бухорода чиқиндиларни ёқиш орқали энергия ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди
2026-02-02 15:20:00 / Янгиликлар

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Wangneng Environment” етакчи экологик компанияси ўртасида Бухорода чиқиндиларни ёқиш орқали ундан энергия манбаи олишга асосланган замонавий лойиҳани амалга ошириш бўйича битим имзоланган эди.
Бугун, 2 февраль куни Когон тумани “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этиладиган маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарувчи завод қурилишига тамал тоши қўйилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, “Wangneng Environment” компанияси бошқарув кенгаши раиси Shan Chao, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов сўзга чиқиб, лойиҳанинг аҳамияти ҳақида сўз юритишди.
— Ушбу лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши бизга кенг имкониятлар эшикларини очиб беради. Жумладан, вилоятимизда чиқиндиларни бошқаришнинг мутлақо янги, кластер тизими яратилади. Бу эса ҳудуднинг санитар ва экологик ҳолатини тубдан яхшилашга хизмат қилади. Шунингдек, юқори технологияларга асосланган бу мажмуа чиқиндиларни шунчаки йўқ қилмай, балки уларни қайта ишлаш орқали иқтисодиётимиз учун зарур бўлган арзон ва экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу вилоятнинг энергия мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидаги улкан қадамдир,-деди Ботир Зарипов.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов ушбу лойиҳа атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни полигонларга жойлаш ҳажмини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш каби мақсадларга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Қурилиши Президентимизнинг 2025 йил 24 мартдаги “Қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида старт олган лойиҳанинг умумий қиймати 165 миллион АҚШ долларига тенг. Бу ерда кунига 1,5 минг, йилига 547,5 минг тонна чиқинди қайта ишланади ва йил давомида жами 400 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Завод икки йил давомида қурилиб, фойдаланишга топширилади. Маҳаллий аҳоли вакилларидан 120 нафари янги иш ўрнига эга бўлади.
— Биз “Wangneng Environment” компанияси тимсолида ўзининг бой тажрибаси ва инновацион ечимларига эга бўлган ишончли шерикни кўрмоқдамиз. Колмпания томондан киритилаётган сармоя ва технологиялар Бухоронинг “инновацион хаб”га айланишида муҳим ўрин тутади. Вилоят ҳокимлиги ушбу лойиҳани белгиланган муддатларда ва юқори сифатда якунланиши учун барча зарур бўлган ёрдамларни кўрсатади,-деди вилоят раҳбари.
Мазкур лойиҳа атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни полигонларга жойлаш ҳажмини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш каби мақсадларга хизмат қилади. Шунингдек, чиқиндиларни ёқиш жараёнида чиқадиган зарарли моддаларнинг атмосферага тарқалишини чеклаш бўйича замонавий технологиялар жорий қилинади. Бу ташаббус “яшил иқтисодиёт” тамойилларига мос келиб, Ўзбекистоннинг экологик барқарорлигини таъминлашга ҳамда келажак авлод учун тоза ва соғлом муҳит яратади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









