Хизматда жасорат кўрсатган профилактика инспектори муносиб рағбатлантирилди
2026-01-31 17:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан, фавқулодда вазиятда кўрсатган жасорати, қатъияти ва касбига садоқати учун капитан Амрилло Расуловга муддатидан олдин “майор” махсус унвони берилди.
Бугун вилоят ҳокимлигида Амрилло Расуловга мазкур унвонни тантанали топшириш маросими ўтказилди.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда асосий бўғин – маҳалла профилактикаси эканлиги алоҳида таъкидланди, — деди тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов. — Жумладан, профилактика инспекторларининг маҳаллаларда, аввало, тинчлик, фуқароларнинг осойишталиги, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини кўриши кераклиги алоҳида қайд қилинди. Шу боис, бугун хизматда фидойилик намуналарини кўрсатаётган ички ишлар ходимлари меҳнати ҳар қанча эътирофга лойиқ. Вобкентлик профилактика инспекторининг хизматда кўрсатган жасорати шунчаки оддий иш эмас, у бугун бир оила дилбанди, бир хонадон бекаси, 4 фарзанднинг онасини қутқариб қолди. Ходимнинг ота-онаси, таълим-тарбия берган устозларига минг раҳмат. Зеро, фавқулодда ҳолатларда инсон ҳаётини сақлаб қолиш — ички ишлар органлари ходимларининг олий бурчи, шарафли ишидир.
— Ғиждувон тумани “Қорабоғи” маҳалласида туғилиб вояга етганман. 2018 йилда Бухоро давлат университетининг ҳарбий тайёргарлик ва жисмоний маданият факультетини битириб, ички ишлар идоралари шахсий таркибига хизматга қабул қилиндим, — дейди майор Амрилло Расулов. — Айни кунда Вобкент тумани марказидаги “Кулолчи” маҳалла фуқаролар йиғинида ўз хизмат бурчимни ўтаяпман. Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар олдини олиш мақсадида олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар натижасида маҳалламиз “яшил” ҳудудга киритилган.
Бевосита, 29 январда содир бўлган воқеага келсак, ўша куни маҳаллада ишлаётган усталар хабарига биноан, соат 16:20 ларда “Вобкент дарё” канали бўйига, айтилган жойга етиб борганимда аёл ўзини сувга ташлаб улгурганди. Шундан сўнг бор фикри-хаёлим уни сувдан олиб чиқиш бўлди. Бир амаллаб муздай сувдан олиб чиқилган аёлни тез тиббий бўлимга олиб бордик. Бунда менга усталар ёрдам беришди. Ўйлайманки, мени ўрнимда бошқа одам бўлганида ҳам худди шундай йўл тутган бўларди.
Тадбирда профилактика инспектори Амрилло Расуловга “майор” махсус унвонини бериш тўғрисидаги вазирлик буйруғи ўқиб эшиттирилди ва унвон топширилди. Шунингдек, у вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар бошқармасининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





