Пешку: Лайло Бобоева қўли остидаги чеварлар ҳам оилаларига қўшимча даромад киритишмоқда
2026-01-30 19:05:00 / Янгиликлар

Пешку туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Лайло Бобоева ҳам ёшлигидан игна-қатимга ошно тутинган, тикувчиликка меҳр қўйган. Кейинги йилларда ёш чевар буюртмачилар талабига мувофиқ кўрпа-ёстиқ, қўрпача, дастурхон каби зарур буюмларни бежирим тикиб тайёрлаб бериб, ўзига хос аёллар тадбиркорлигини йўлга қўйиб, маҳалладошлари эътиборига тушган.
Лайло Бобоеванинг тикувчилик фаолияти ҳудудда аёллар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга жалб этиш ва оилавий даромад манбаларини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли. У ўз меҳнати туфайли барқарор даромад топиб, шу билан бирга, яна 4 нафар ишсиз аёлни доимий иш билан таъминлашда баҳолиқудрат ҳисса қўшмоқда.
Кичик корхонага айланган Лайло Бобоеванинг уйида ҳар куни тикиб тайёрланаётган ўнтага яқин кўрпача, кўрпа, ёстиқлардан эришилаётган моддий манфаатдорлик 1 миллион сўм атрофида. Янгича андозадаги бундай тўшамаларни буюртмачиларга етказишдан чеварлар жамоаси ҳар ойида 20 миллион сўмдан ошириб умумий даромадни қўлга киритмоқда. Албата, ҳалол меҳнат ортидан тикувчи дугоналар оилаларига қўшимча фойда киритишмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




