Бухоро шаҳрида перинатал ёшдаги аёллар тиббий кўрикка жалб қилинди
2026-01-27 17:30:00 / Янгиликлар

Жумладан, Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 10-сонли оилавий поликлиника томонидан Бухоро шаҳар туғруқ комплекси мутахассислари билан ҳамкорликда туғиш ёшидаги аёллар ҳамда ҳомиладор аёллар ўртасида тиббий кўрик ўтказилди.
Тиббий кўрик давомида аёллар орасида учрайдиган касалликларни эрта аниқлаш, зарур даво чораларини кўриш, фертил ёшдаги аёлларнинг репродуктив саломатлигини тиклаш, контрацепция усулларини индивидуал қўллаш, шунингдек, бачадон бўйни саратони каби касалликларни барвақт аниқлашга қаратилган замонавий текширувлар—ультратовуш текшируви (УТТ) ва колпоскопик кўриклар амалга оширилди.
Тадбир давомида жами элликдан ошиқ аёл тиббий кўрикдан ўтказилган бўлса, натижаларга кўра 3 нафар аёлга ихтисослаштирилган жарроҳлик кўригидан ўтиш учун йўлланма берилди. Шунингдек, 2 нафар аёлга колпоскопик пластик амалиёт ўтказиш тавсия этилгани ҳолда 6 нафар муаммоли ҳомиладор аёлга стационар даволашни давом эттириш учун мутахассислар томонидан йўлланма берилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур тиббий тадбир аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, шунингдек, соҳа мутахассислари ўртасида билим ва амалий кўникмалар алмашинувини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




