Когон: Ниёзҳожилик Пўлатовлар уй хўжалигида қорамол сони 10 бошга етказилди
2026-01-27 14:10:00 / Янгиликлар

Когон тумани, “Ниёзҳожи” маҳалла фуқаролар йиғинининг Ганчкаш қишлоғида яшовчи Шуҳрат Пўлатов ҳам 2025 йилда ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси кўмагида шу лойиҳа асосида “Халқ банки” филиалидан имтиёзли кредит маблағини расмийлаштириб олиб, уй хўжалигида наслли қорамол парваришини йўлга қўйди. Натижада қисқа вақт ичида хонадон учун чорвачилик иши барқарор даромад манбаига айланди.
Оила аъзоларининг астойдил меҳнати туфайли бугунга келиб Пўлатовлар хонадонида боқилаётган қорамол сони 10 бошга етказилган бўлиб, шулардан 5 таси соғин сигирлар. Бу сигирларнинг ҳар биридан кунига ўртача 10-12 литр сут соғиб олинмоқда. Шунинг ўзидан рўзғорга кунлик 400 минг сўм даромад киритилмоқда.
Етиштирилаётган сут маҳсулоти эса оила эҳтиёжидан ортгани келишув асосида маҳаллий сутни қайта ишлаш цехига етказиб берилмоқда. Бу бир томондан, маҳаллий ишлаб чиқариш “занжири”ни ҳосил қилса, иккинчидан сифатли ва табиий сут маҳсулотлари билан бозорга муносиб улуш қўшилмоқда.
Пўлатовлар уй хўжалиги қишлоқ аҳолиси учун намуна, негаки, мавжуд имкониятдан унумли фойдаланиб, бир оила иқтисодий аҳволи яхшиланмоқда, турмуш даражаси ошмоқда. Айни кунда томорқа ерини кенгайтириб, чорвабоп озуқа экинлари етиштириш ҳаракатида бўлган хонадон меҳнаткашлари оилавий даромад ҳисобидан наслдор қорамол туёғини кўпайтириш, хўжаликда гўшт, сут, қатиқ, сариёғ каби маҳсулотларни янада мўл етиштиришни кўзламоқдалар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



